12 апрель куни кечқурун «Ўзбекистон» телеканали «Мулоқот ва манфаат» кўрсатувини эфирга узатди. Кўрсатув эфирга узатилишидан аввал ижтимоий тармоқларда етарлича реклама қилинди ва томоша қилинди. Ундан хабар топганларнинг аксарияти кўрсатувни кўриб, ижтимоий тармоқлар орқали фикрлар билдирилгани буни исботлаб турибди.

Бироқ, ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчиларнинг катта қисми ушбу кўрсатувдан, унда айтилган гаплардан мутлақо қониқмаганликларини баён этишмоқда. Очиғи, ўзимга ҳам ёқмади.

Чиндан ҳам, Ўзбекистон Республикаси президенти девони масъул ходими Зоир Эргашев бошловчилигида олиб борилган кўрсатув танқидий руҳда ўтиши кутилганида, саволларга мужмал жавоблар ва бажарилиши даргумон ваъдалар берилиб, одамларни хотиржам қилишга бир уриниш бўлди. 

Кўрсатувда, асосан, президент виртуал қабулхонасига ёзилган айрим шикоятлар тилга олиб ўтилди ва уларга GM-Uzbekistan АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов, GM-Uzbekistan АЖ маркетинг, савдо ва автосервис бошқармаси бошқарувчи директори Муҳиддин Султонов, «Ўзавтотеххизмат» МЧЖ бошқуруви раиси Ботирхўжа Сиддиқов, «Асака банк» АТБ департамент директор ўринбосари Фаррух Тулавов, Давлат рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов, «Асакабанк» АТБ департамент директори Беҳзод Абдураҳмонов, GM-Uzbekistan АЖ юридик бошқармаси бошлиғи Нодир Дўстмуродов жавоб беришди.

Халқимизни ташвишлантираётган айрим саволлар эфирда янграмади, бу саволларнинг жавоби нима бўлиши, мутасаддилар бунга қандай чора кўришлари очиқлигича қолиб кетди. Студияга ўзларини қизиқтираётган саволларни мутасаддиларга тўғридан-тўғри бериши мумкин бўлган мухлислар таклиф этилмаган, кўчаларда суратга туширилган эътирозлар эса ўта юзаки.

Масалан, айрим энг арзон ва харидоргир автомобиллар нега АҚШ долларига сотилиши ҳақида умуман гапирилмади. Айтайлик, ойлигини йиғиб, «Матиз» олмоқчи бўлган ўқитувчи нақд долларни қаердан олиши керак? «Асака банк» вакиллари жавоб бериши керак бўлган савол. GM-Uzbekistan АЖ маркетинг, савдо ва автосервис бошқармаси бошқарувчи директори Муҳиддин Султонов Иккинчи Жаҳон уруши қатнашувчиларига имтиёзлар, хусусан автомашиналар навбатсиз берилишини айтиб ўтди (шунда ҳам «долларлик» машиналар сўмга бериладими йўқми — буниси очиқ қолди). Раҳмат! Хўп, қўшимча даромади бўлмаган бюджет ташкилоти вакиллари — ўқитувчилар ва шифокорларга ҳам қандайдир имтиёзлар тақдим этиш (майли, навбатсиз бериш бўлмасин) — машиналарни миллий валютада харид қилишга рухсат бериш борасида бирор ташаббусни илгари суриб чиқса бўлмайдими?

Пластик карточкага автомобиль харид қилиш масаласига «Асака банк» АТБ департамент директори Беҳзод Абдураҳмонов банклар томонидан ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаганини айтиб ўтган эса-да, амалда ҳеч ҳам бундай эмас. Дилерларнинг ҳисоб рақами мавжуд бўлган исталган банкингизда синаб кўришингиз мумкин. Асло қучоқ очиб кутиб олишмайди. «Мумкин эмас!», деган қўрс жавобга дуч келасиз.