Россияда сайлов

Россияда уруш давридаги илк парламент сайлови ўтказилмоқда. 18 сентябр куни бошланган сайлов бугун 20 сентябр куни тугайди. Уруш даврида Россияда президентлик сайлови ўтказилган, лекин парламент урушдан олдинги мандати билан ишлаётганди. Давлат думаси IX чақириғи учун сайловларда россияликлар 450 депутатни сайлайди. Шунингдек, мамлакатдаги 11 ҳудудда маҳаллий раҳбарлар сайланади. Украина билан чегарадаги Белгород, Брянск каби областларда, шунингдек, ўзбекистонликлар учун қизиқ бўлган Чеченистонда ҳам ҳудудий раҳбарлик учун сайлов бўлмоқда.

Бу гал Россия мухолифати сайлов олдида ниҳоят бирлаша олди. Ҳозир россияликлар орасида энг машҳур бўлган сиёсатчи Максим Кац марҳум мухолифат лидери Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная билан бирга сайлаш тавсия қилинган номзодлар рўйхатини эълон қилди. Бу гал мухолифат ҳукмрон «Единая Россия»нинг энг кучли рақибларига овоз беришга чақирди.

Урушга қарши ягона партия «Яблоко» сайловдан четлатилганди, лекин партиянинг бир қисм номзодлари сайловларда қатнашмоқда. Урушга қарши россияликлар айнан уларга овоз бериши кутиляпти. «Яблоко» сайловнинг биринчи кунидан кейин партия назоратчилари ёппасига участкаларга қўйилмагани ҳақида ҳисобот берди. Сайлов натижаларига алоҳида тўхталамиз.

«Карпат саккизлиги»

Украина президенти Володимир Зеленский янги ҳамкорлик ташкилоти – «Карпат саккизлиги» (С8) тузилганини эълон қилди. Унга Украина, Руминия, Сербия, Полша, Словакия, Чехия, Австрия ва Можаристон киради. Иштирокчилар хавфсизлик, энергетика, логистика, трансчегаравий иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик қилиши кутилмоқда. Ташкилот илк йиғилиши Украинанинг Ивано-Франкивск вилоятида ўтказилиб, унда Полша, Сербия ва Руминия лидерлари иштирок этди.

Индонезияда паром чўкди

Индонезияда улкан паром чўкиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Паром Ява денгизида ҳалокатга учраб, 30 метр чуқурликка чўкиб кетган. Бортдаги 243 кишидан 108 киши омон қолгани аниқ, қолганлар ҳамон қидирилмоқда. Шунингдек, паромда 89 та машина ҳам бўлган.

Кема 20 соатлик йўлга чиққан вақтда тўлқинлар орасида қолиб мувозанатни йўқотган. Капитан кема оғанаётгани ҳақида сигнал юборган, лекин кейинроқ экипаж билан алоқа узилган. Паром манзилга 148 км қолганда ағдарилган. Экипаж аъзоларидан бирининг айтишича, барчаси жуда тез бўлган, кема 5 дақиқа ичида чўкиб кетган.

«Грем қонуни»