Европа чемпионлар лигасининг 1/4 финал жавоб учрашувларига бугун старт берилади. Куннинг марказий учрашувини «Реал» ўз майдонида «Бавария»га қарши ўтказади. Tribuna.Uz бўлажак тўқнашув ҳақида батафсил маълумот бериб ўтади.
Реал - Бавария (18 апрель, Тошкент вақти билан 23:45, UzReport, Матч ТВ)
Мюнхенда кечган биринчи учрашувда Криштиану Роналду томонидан киритилган икки гол «Реал»га 2:1 ҳисобидаги ғалабани келтирганди. Бу жавоб учрашуви олдидан мадридликларга ярим финалга йўлланма олиш учун яхшигина имкониятни ҳосил қилди.
Ўйин олдидан
«Реал Мадрид»
«Реал» «Бавария» устидан қозонилган ғалабадан сўнг Испания чемпионатида Хихоннинг «Спортинг» клуби меҳмони бўлиб, иродали ғалабага эришди. Зидан шогирдлари икки марта ҳисобда ортда борганига қарамасдан, ғалабани ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлди ва «Барселона» билан орадаги фарқни сақлаб қолди. Жамоа ҳамон Испанияда яққол пешқадам бўлиб турибди.

«Бавария»
Карло Анчелотти жамоасида эса натижалар бўйича вазиятни яхши деб бўлмайди. «Бавария» чемпионлик учун рақобатчи жамоадан холи бўлишига қарамай, сўнгги икки турда кўрсатган ўйини билан мухлисларини ранжитди. Аввалига «Ҳоффенҳайм»га ютқазган жамоа, ўтган турда «Байер» уйидан ғалабасиз қайтди. Эндиликда «Бавария» ва «Лейпциг» ўртасидаги очколар фарқи 8тагача қисқарган.

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— Серхио Рамос Европа чемпионлар лигасида ўзининг 100-учрашувини ўтказиши мумкин;
— бу «Реал» ва «Бавария» ўртасидаги 24-учрашув бўлади. Бошқа бирорта жуфтлик еврокубокларда бунчалик кўп ўзаро дуч келишмаган;
— «Реал» ЕЧЛда ўз уйида ўтказган сўнгги 12 ўйинда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган (10 Ғ, 2 Д);
— «Бавария» жорий мавсумда ЕЧЛда меҳмонда ўтказган 4 ўйиннинг 2тасида («Атлетико» ва «Ростов») мағлубиятга учраган;














