Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 апрелдаги қарори билан Нодиржон Жўраев Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Икрамов Музраф Мубаракходжаевичнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Худди шу қарор билан Акбар Тошқулов вазир ўринбосарлигига тайинланган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар тарқатди.
Жўраев Нодиржон Савриддинович — 1981 йил 6 январда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Маълумоти-олий, ҳуқуқшунос.
2001 йил Тошкент давлат юридик институтини (бакалавр), 2006 йил Тошкент давлат юридик институтини (магистратура) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган. Кейинчалик мазкур бошқарманинг бош маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.
2003–2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармасининг бўлим бошлиғи, 2006–2007 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш марказининг етакчи маслаҳатчиси, бош маслаҳатчиси, бўлим бошлиғи, 2007–2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодий қонунчилик бошқармасининг бошлиғи, 2008-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармасининг бошлиғи, 2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказининг директори, 2016-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.
Вазирнинг биринчи ўринбосари вазифалари:
- Қонунчилик бош бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
- Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
- Иқтисодий қонунчилик бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
- Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
- Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси фаолиятига раҳбарлик қилиш;
- Ҳуқуқий ахборот билан таьминлаш маркази фаолиятига раҳбарлик қилиш вазифалари белгиланганн.














