Жамият | 17:19 / 21.04.2017
5914
3 дақиқада ўқилади

Шу йилнинг I чорагида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги неча нафар раҳбар виртуал қабулхонаси очилди?

2017 йилнинг I чорагида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарорига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганишнинг самарали тизими йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш бўйича Чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди; “2017 йилда журналистларнинг касбий малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш дастури” қабул қилинди. Ҳар бир туман (шаҳар)да жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича “Халқ қабулхоналари”нинг самарали фаолияти йўлга қўйилди.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида эса қонун ҳужжатларини тарқатиш тизими тубдан такомиллаштирилди, суд тизимини янада ислоҳ этиш орқали бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, судьялик лавозимида бўлишнинг илк маротаба 5 йиллик, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланиши ёки сайланиши белгиланди. 

Суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Судларни янада ихтисослаштириш, суд аппаратини мустаҳкамлаш, шу жумладан, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 71 та туманлараро туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилиши белгиланди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш мақсадида 27 та ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарларининг виртуал қабулхоналари ташкил этилди.

Маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш орқали Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш кўлами кенгайтирилди. Жумладан, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш орқали тарбиявий таъсир кўрсатиш чораларини кучайтиришга қаратилган «мажбурий жамоат ишлари» жиноий жазоси киритилди.

Қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши белгиланди.

 

Мавзуга оид