Яхши ишларни душанбадан бошлаш одат тусига айланган. Илк икки кун шиддатли кечади, чоршанбага бориб эса, ташаббус ўрнини дангасалик эгаллайди. Натижада машғулотни давом эттириш кейинга қолдирилади. Harvard Business Review'да шу мавзудаги мақола тақдим этилди.
Японлар буни «mikka bouzu» - «уч кунлик руҳоний» (сўзма-сўз "уч кун ҳам сабр қила олмайди") деб аташади. Биз ўзимиз истамаган ва бизга қизиғи бўлмаган ишни бажаришга эринамиз.
"Сен ўзингни ўзинг мажбур қила олмасанг ва ўз олдингга талаб қўя олмасанг, олдингда юз ўқитувчи турган бўлса ҳам, бунга ожизлик қилади", - деб ёзган ярим аср илгари В.А.Сухомлинский. Бугун, аксинча, ички қониқмаслик ҳисси ва турли депрессив ҳолатлар авж олмоқда.
Инсон ўз мақсадларини тўлиқ англаши ва ўз имкониятлари ҳамда уларга эришишда объектив реалликни баҳолаши баробарида, шубҳасиз, ўзини асраши керак. Орзу ва истаклар мавжуд бўлиб, уларнинг нима учун кераклиги борасида тушунчалар йўқ бўлса, ўзингни ҳаракат қилишга мажбурлаш қийин. Бироқ бугун дангасаликка имкон берсак, эртага йўқотилган имкониятлар учун афсусланамиз. Шундай экан, инсон ўзи билан ўзи келишишни билиши керак. Ўзини мажбурлаш - ортиқча. Шунчаки ғайрат қилинг ва бажаринг: инертликни енгиб ўтсангиз, иш ўз-ўзидан қайнаб кетади. Қатъий ва сабрли кишиларда эса, албатта, иккинчи нафас очилади.

Қисқаси, кимда хоҳиш бўлса, мақсадга эришиш йўлларини қидиради. Қолганлар эса ўзини оқлаш учун сабаб излайди.
Сиз франциялик кўча дорбози Филипп Пети ва унинг Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази эгизак миноралари ўртасидаги "сайр"и тарихини билсангиз керак. Ҳаммаси журналда Марказ биноси қурилиши ҳақидаги мақоладан бошланган - ўшандан бошлаб Филипп осмонўпар бинолар ўртасидаги масофани дорда кечиб ўтиш орзуси билан ёнган. У бундай "сайр"дан кейин ҳибсга олинишини билса-да, унга жон-жаҳди билан тайёргарлик кўрди. Ғоя кучлироқ чиқди. Пети бугунга қадар машҳур шахслигича қолмоқда.

Япониялик афсонавий дзюдочи, Олимпия чемпиони Ясухиро Ямасита жароҳатдан кейин мусобақаларда қатнашишда давом этиш керакми ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, қарор дзюдочининг "асосий мақсади"га боғлиқ эканини қайд этган. Бу мусобақаларда иштирок этиш спорт карьерангиз учун муҳимлигига ишонишингиз керак, ғалаба қилиш учун ҳамма нарсага тайёрсиз, шу жумладан узоқ даволаниш ва қайта тикланишга ҳам. Шундай экан, салбий асоратлар ҳақида ўйламай, ўз устингизда ишлаш ва оғриқни енгишда давом этишингиз керак.


















