Дунёнинг турли давлатларидаги олимлар жаҳон давлатларидаги бахт-саодат даражаси ҳақида ҳар қандай тадқиқот ўтказмасин, Дания, Норвегия ва Швеция доим рейтингнинг олд қаторларида бўлаверади. Албатта, бу давлатларда турмуш даражаси жуда юқори, лекин гап бундагина эмас: скандинавларда бир нечта умумий қоида мавжуд бўлиб, уларнинг шарофати билан шимолликлар ҳаётдан баҳра олишни канда қилишмайди.

AdMe.ru бу ҳақда батафсилроқ ўрганишга ҳаракат қилди ва ҳақиқатдан ҳам бошқалар ўрганса арзийдиган жиҳатлар борлигини аниқлади.

1. Камтарлик ва ўзгага ҳурмат

© DEPOSITPHOTOS 

Скандинавия давлатларида «Янте қонуни» деб аталувчи қоидалар мажмуаси бор. Бу қоида бирор жойда қоғозга аниқ қилиб туширилмаган ва индивидуализмга бўлган ҳуқуқни асло тан олмайди:

- Мен бир хос инсонман, деб ўйлама;
- Бизнинг тенгимизсан, деб ўйлама;
- Биздан ақллироқсан, деб ўйлама;
- Биздан яхшироқсан, деб ўйлай кўрма;
- Биздан кўпроқ нарсани биласан, деб ўйлама;
- Биздан муҳимроқсан, деб ўйлама;
- Барча нарса қўлингдан келади, деб ўйлама;
- Бизнинг устимиздан кулишга уринма;
- Кимнингдир сен билан иши бор, деб ўйлай кўрма;
- Бизга ниманидир ўргатишга қодирсан, деб ўйлама.

Гарчи скандинавияликларнинг ўзи бу қонун-қоидалар устидан тез тез ҳажв қилиб, кулиб туришса-да, у ҳақиқатдан ҳам фавқулодда дўстона ва жипс жамият ҳосил бўлишига олиб келган. Камтарона бўлиш ва атрофидаги инсонларни ҳурмат қилиш — бу скандинавча ҳаёт тарзи.

Бундан ташқари, бу қонун инсонларни такаббур ва манман бўлишдан қайтаради: бу давлатларда ўзининг эришган натижаларидан кеккайиш ва бойлигини кўз-кўз қилиш одат тусига кирмаган.