Скандинавия давлатлари Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлашга чақирди
«Украина Россиядан ёлғиз сўз билан ўзини ҳимоя қила олмайди. Урушни қуролсиз ютиб бўлмайди», дейилади Шимолий Европанинг бешта давлати раҳбарлари мактубида.
Дания, Норвегия, Финландия, Швеция ва Исландия Украина иттифоқчиларини Россиянинг «ноқонуний ва ахлоқсиз» урушига қарши бирлашишга чақирди. «Россиянинг давом этаётган уруши қаршисида биз Украинани узоқ муддатли сиёсий, молиявий, ҳарбий ва дипломатик қўллаб-қувватлаш мажбуриятини икки баробар оширишимиз керак», — деди Шимолий Европа давлатлари раҳбарлари чоршанба, 13 декабр куни Financial Times газетасида чоп этилган қўшма мактубда.
Уни Финландия президенти Саули Ниинистё, Дания бош вазири Метте Фредериксен, Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре, Швеция бош вазири Улф Кристерссон ва Исландия бош вазири Катрин Якобсдоттир имзолади.
Улар ҳозир Украина, Европа ва глобал хавфсизлик учун «ўта муҳим палла», шунинг учун қўллаб-қувватлашни сусайтириш «ихтиёрий эмас» деб огоҳлантирди. «Россия бўлинишдан фойдаланишга интилади. Биз Россия урушига қарши бирлашган фронтни кўрсатишда давом этишимиз керак, - дейилади ҳужжатда. - Акс ҳолда, ўнлаб йиллар давомида дунёда эркинлик ва хавфсизлик камроқ бўлади».
«Урушда қуролсиз ғалаба қозониб бўлмайди»
Шимолнинг бешта давлати раҳбарлари, ўз навбатида, Украинага ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни давом эттиришга ваъда берди. «Украина ўзини Россиядан фақат сўз билан ҳимоя қила олмайди. Урушни қуролсиз ютиб бўлмайди», - дея таъкидлаган мактуб муаллифлари.
«Украина ўз ҳудудини ҳимоя қилиши ва халқаро миқёсда тан олинган чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун биз, Скандинавия мамлакатлари Украинага ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этамиз, жумладан, иқтисодий ва ҳарбий, тинч аҳолига устувор гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатишда», деб ёзади улар.
Зеленский Ослога ташриф билан келди
Украина президенти Володимир Зеленский 13 декабр куни эрталаб кутилмаган ташриф билан Норвегия пойтахти Ослога келди. «Украина-Шимолий Европа» иккинчи саммити доирасида Норвегия, Дания, Исландия, Финландия ва Швеция етакчилари билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган, деб хабар берди Зеленский ўзининг Telegram-каналида. Унинг сўзларига кўра, ташриф дастуридан Норвегия қироли Харалд V олдида аудиенция, Норвегия парламентига ташриф, маҳаллий сиёсатчилар ва тадбиркорлар билан учрашувлар ҳам ўрин олган.
Зеленский сўнгги бор 2023 йилнинг май ойида Ҳелсинки саммитида Скандинавия давлатлари раҳбарлари билан учрашган эди. Финландия президенти девонига кўра, Ослодаги саммит ушбу форматнинг давоми ҳисобланади. Норвегия матбуотига кўра, бу Украина президентининг Норвегияга илк ташрифидир.
Мавзуга оид
17:24 / 14.11.2024
The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин
16:08 / 14.11.2024
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024