Идлиб вилоятида айнан кимёвий ҳужум уюштириш учун мўлжалланган, советлар томонидан ишлаб чиқарилган авиабомбалар ишлатилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) ташкилоти ҳисоботида келтирилган.
HRW Сурияда кимёвий қуролдан фойдаланганлик ҳақида янги маълумотларни нашр этди. Хусусан, маъруза муаллифлари 92 кишининг зарин газидан заҳарланиб ўлишига сабабни оддий авиабомбанинг заҳарли моддалар сақланган омборга келиб тушгани оқибатида юз бергани хусусидаги Москва ва Дамашқнинг баёнотини рад этиш пайидан бўлишмоқда.
Материалда айтилишича, Хон-Шайхундаги фотосуратлар ва видеоматериаллар у ерда айнан зарин газини элтиш учун яратилган совет авиабомбалари ишлатилганидан далолат бериб турибди. Гап ХАБ-250 ёки ХАБ-500 бомбалари ҳақида бормоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотнинг Идлиб вилоятда суратга туширган бомба парчаларида яшил рангли ёзувларни кўриш мумкин, бундай бўёқ айнан шу типдаги бомбаларда ишлатилган.
Маҳаллий аҳоли томонидан бомба тушиши натижасида пайдо бўлган ўйиқларда топилган қолдиқлар ҳам ХАБ-250 бомбасига ўхшаб турибди.
HRW 2016 йилнинг декабридан бошлаб Сурия армияси камида тўрт марта заҳарловчи моддалар солинган авиабомбалар ишлатган, шунингдек, вертолётдан заҳарли газ сочганини таъкидлаб келади.
«Солдаты России» журналининг таҳлилий бўлими раҳбари, истеъфодаги полковник Анатолий Матвийчукнинг РБК нашрига билдиришича, ХАБ-250 ва ХАБ-500 бомбалари чиндан ҳам собиқ иттифоқ ва Варшава шартномасига аъзо бошқа давлатлар тасарруфида бўлган, бироқ совет иттифоқи ўша пайтлардаёқ уларнинг барчасини йўқ қилган. Лекин бу бомбаларнинг корпуси сақланиб қолган бўлиши ҳам мумкин.
«Бундай корпусларни ҳар қандай разведка қўлга киритган бўлиши мумкин, ундаги ёзувлар эса у совет бомбаси бўлганини тасдиқлаб беради. Бу корпусни улар болгарлар ё поляклардан, ёки қардошларимиз украинлардан олган бўлиши ҳам мумкин», — дейди Матвийчук.
Ҳарбийнинг сўзларига кўра, Сурияда кимёвий авиация бомбаларидан фойдаланганлик ҳеч ақлга сиғмайдиган нарса, чунки бундай бомбалар ишлатилгач, катта вайронагарчиликлар келтириб чиқаради. «Ишлатилган бомба оддий ёқилғи бакидан бошқа нарса эмас. У асло вайрон қилувчи қурол эмас. У инерция туфайли 20-30 смли чуқур ҳосил қилиши мумкин. Бизга эса миномёт отишмасидан кейин қолган чуқурлар намойиш этилди», — дея тушунтирган у.
Сиёсий ва ҳарбий таҳлил Институти дирекори ўринбосари Александр Храмчихиннинг РБКга билдиришича, агар Сурияда ҳақиқатдан ҳам авиация бомбаларидан фойдаланилганида «жабрларганлар сони бир неча карра кўп бўлиши тайин эди». «Бу ҳолатда ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмас, унинг рост ва ёлғонлигини муҳокама қилишга ҳам ҳожат бўлмас эди», — дея таъкидлаган у.

















