Бугун Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида IV «Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари»нинг бешинчи кунги мусобақалари давом этди. Шу куни Ўзбекистон делегацияси медаллар жамғармаси яна битта олтин, учта кумуш ва битта бронза медаль билан бойиди. Лекин Ўзбекистон умумий рейтингда бир поғона пастлади, шу куни 5та олтин, 4та кумуш ва 3та бронза қўлга киритган Эрон вакиллари бешинчи ўриндан учинчи ўринга кўтарилди.

Бугун ўзбекистонлик спортчилар 6та спорт турида иштирок этишди.

Оғир атлетика

Фото: МОҚ

-85 кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этаётган Улуғбек Алимов қатнашчилар орасида иккинчи натижани қайд этди ва якунда кумуш медаль соҳибига айланди. Бу вазнда биринчи ва учинчи ўринларни ироқлик ҳамда саудия арабистонилик спортчилар қўлга киритишди.

Фото: МОҚ

-94 кг вазн тоифасида қатнашган Фарҳодбек Собиров ҳам яна бир кумуш медалга эга чиқди. Бу вазнда биринчи ўринни эронлик тош кўтарувчи эгаллади, учинчи ўриндан мезбонлар вакили жой олди.

Таэквондо WTF

Фото: МОҚ

Ушбу спорт тури бўйича -58 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Ниёз Пўлатов кун аввалида озарбойжонлик ва туркиялик рақибларини мағлубиятга учратиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. У ярим финалда тунислик Худи Неффатини ҳам енгди. Унинг финалдаги рақиби жароҳат туфайли жангни бекор қилди ва ўзбекистонлик спортчи автоматик равишда олтин медаль эгасига айланди. Яна икки таэквондочи Сухроб Бобобеков ва Қосимова Зария медаль олмади. 

Дзюдо
Жамоавий баҳсларда қизлар жамоаси ҳам медаль қўлга киритишди. Омонгул Алланазарова, Муҳайё Ибрагимова, Диёра Келдиёрова, Гулноза Матниёзова ва Кумуш Йўлдошевадан иборат Ўзбекистон терма жамоаси бронза учун баҳсларда Жазоир вакилларидан устун келишди. Олтин ва кумуш медаллар Туркия ҳамда Озарбойжон вакилларига насиб қилди.

Теннис
Эркаклар ўртасида якка тартибда иштирок этаётган Сергей Фомин илк босқичда малайзиялик Мерзукини 7:5, 6:1 ҳисобларида мағлубиятга учратди. Саидаъло Саидкаримов эса эртага Мозамбик вакили Элиасга қарши кортга чиқади.