Бугун, 17 май куни Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида IV «Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари»нинг олтинчи кунги мусобақалари давом этди. Шу куни Ўзбекистон делегацияси медаллар жамғармаси яна битта олтин, иккита кумуш ва тўртта бронза медаль билан бойиди.
Бугун ўзбекистонлик спортчилар 6та спорт турида иштирок этишди.
Оғир атлетика
Бугунги баҳсларда ўзбекистонлик 3 нафар оғир атлетикачи ўз иштирокини ўтказди.
-105 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган оғир атлетикачи Иван Ефремов совриндорлар орасидан жой эгаллади. У учинчи натижани (380) қайд этди ва бронза медали билан тақдирланди. Турнирнинг олтин ва кумуш медаллари мос равишда эронлик ва ироқлик спортчилар Барори Муҳаммадризо (395) ҳамда Салвон Алайфурийга (391) насиб этди.

+105 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган оғир атлетикачи Рустам Жангабаев даст ва силтаб кўтаришда энг яхши натижани кўрсатиб (431), олтин медалга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эронлик Ҳумоюн Теймурян (414) ва Рамин Рабифарадонбеҳ (399) эгаллади.

Енгил атлетика
200 м масофага югуриш бўйича ярим финалда иштирок этган Нигина Шарипова финалга йўлланма олди. Финал 18 май куни ўтказилади.
Паралимпиячилар ўртасида 100 м масофага югуришда иштирок этган Мансур Абдурашидов эса маррага иккинчи бўлиб келди ва кумуш медаль соҳибига айланди.
Спорт курашлари
Юнон-рум кураши
-98 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Рустам Ассакалов мусобақанинг бронза медални қўлга киритди. У бронза учун кечган баҳсда покистонлик рақиби Разани 9 сонияда мағлуб этди. Ассакалов чорак финалда ироқлик Алхаббияни мағлуб этган, лекин ярим финалда мезбонлар вакили Нуриевга имкониятни бой бериб қўйган эди.
Спортнинг шу тури бўйича -59 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган ва финалга чиққан Исломбек Баҳромов эса олтин ола олмади. У Қирғизистон вакили Канибек Жолчубековга ютқазди ва кумуш медаль билан кифояланди.




















