2016 йил охирларидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда. Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда кўплаб археологик, табиий диққатга сазовор жойлар кўп. Бироқ, уларнинг аксарияти турли сайёҳлик қўлланмалари ва хариталарда акс этмайди ё бўлмаса кам эътибор берилади. Коммерсант.uz сайти Ўзбекистоннинг 19та must-visit (бориш шарт) масканларини ўқувчилари эътиборига ҳавола қилган. 

1. Хўжа Гур-гур ота мавзеси

Фото: Facebook/@mysteriouzb

Бу мавзе Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида жойлашган. Бу ерда кўплаб қизиқ жиҳатларга дуч келиш мумкин: бу ерда экстремалларни 500 метрлик тик қоя, чуқур канъонлар, динозаврларнинг тошга айланган излари ва баландлиги 3700 метрга етувчи қоялар кутмоқда. 

Унга Бойсун томондан икки йўл орқали бориш мумкин: биринчиси — Олачопон, Қайроқ ва Дубола қишлоқлари орқали, иккинчиси — Дарбанд дараси орқали Мачой, Қизил Наур ва Кентала қишлоқларидан ўтиб борилади. 

2. Майданак баланд тоғ обсерваторияси

Фото: Facebook/@mysteriouzb

Майданак тоғли обсерваториясига 1970 йилда Шаҳрисабз шаҳридан 45 км жанубда жойлашган Майданак платосида асос солинган бўлиб, у Шимолий ярим шардаги энг яхши обсерваториялардан бири ҳисобланади. Бу ерда 4та комета, 80дан ортиқ астероид, янги Самарқанд номи берилган митти сайёра кашф қилинган. Обсерватория жойлашган жой шунчалик сокинки, кўпчиликда товушли галлюцинациялар кузатилади. Юлдузлар жуда ҳам яқин кўринганидан, Катта айиқ юлдузларига қўл узатса етгудек таассурот уйғотади. 

3. Мўйноқдаги кемалар қабристони

Фото: Instaram/@otabek_mirsagatov

Баъзан соф ниятлар аянчли оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Орол денгизи ва унинг соҳилида барпо этилган Мўйноқ шаҳри тақдирини ушбу фикрга исбот дейиш хато бўлмайди. Инсон омили туфайли қачонлардир гуллаб-яшнаган минтақа саҳрога айланди. Денгиз ўрнида қаққайиб турган кемалар табиатга қанчалик жиддий зарар етказилганига намунадир.