"Китоб дунёси" газетасида журналист Алимурод Тожиевнинг "Бепарволик бепардаликдир..." сарлавҳали мақоласи эълон қилинган. У Қуйида ушбу мақола жузъий ўзгартиришлар билан қайта нашр этилган.

Яқинда Facebook ижтимоий тармоғида филология фанлари номзоди Гулноза Сатторованинг санъатимиз, хусусан, қўшиқчилигимиз  тараққиёти ва таҳлилига бағишланган “Санъатми ёки саноат” номли мақоласини ўқиб, опанинг куюнчаклик билан ёзилган фикрларига муносабат билдириш иштиёқи туғилди. Аслида, неча йиллардан буён қайта-қайта танқид қилинаётган бўлса-да, бирор ўзгариш бўлмаётган бу соҳа ҳақида гапириш  шитоб ила елиб бораётган поездга қор отишдек гап. 

Биз болалигимизда 10, нари борса 20 қўшиқчини билардик, аммо уларнинг ҳамма ашулалари машҳур бўларди. Масалан, Охун Мадалиев, Ғиёс Бойтоев, Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Муҳриддин Холиқов, Махмуд Намозов, Аҳрор Усмонов, Хуршид Расулов, Баҳодир Мамажонов кабилар менинг, умуман, бизнинг авлоднинг севимли хонандалари эди. Уларнинг қўшиқларини ҳозир ҳам маза қилиб тинглаймиз. Вақт ўтган сари яна қўмсаб, қидирамиз. Аммо кейинги беш йилликда бирорта кўнгилга ёқадиган, сўзлари, оҳанглари тилингда айланадиган қўшиқлар жуда ҳам кам яратилди. Олдинги қўшиқларнинг олдида денгиздан томчи деса ҳам бўлади. Ҳозирда  айтилаётган қўшиқлар эса менга бемаъно, саёз туюлади, устига устак мазкур хонишлар ғояси кимдандир олинган, мусиқаси қаердандир кўчирилган ёки олдин кимдир айтган бўлиб чиқади. Бир марта эшитасанми-йўқми, эсингдан чиқади. Худди бир марта чайналиб, туфлаб ташланадиган сақичга ўхшаб. Кейин айрим эркак хонандаларимизни саҳнада қилаётган муқомлари, тушаётган рақсларини кўриб, беихтиёр тилингга машҳур шоирнинг сатри келади: "Шуям эркакми?". Бу кетишда маданиятимиз, санъатимиз тақдири нима кечади? Уларга эргашган авлоднинг тақдир қандай бўлади? Ўзи ҳозир ҳам кўча-куйда бир-яримтаси учраб турибди. Даҳшат-а?! Ўғил фарзанд кўрдим деб кўксингга урсанг, уни тарбияласангу, у йиртиқ-сиртиқ нарсаларни кийиб юрса, атлас “шим” кийиб,  кўчага чиқса. 

Кейин яна бир одат пайдо бўлди клипларимиз империясида. Яъни, бир чиройли қизни олиб чиқиб устидан масхаралаш, эрмак қилиш, бемаъни, тутуриқсиз қилиқлар қилиш. Нима, жамиятда аёлларни ҳурмат қиладиган, уларни бошида кўтарадиган эркакларнинг замони ўтдими? Бу клипларнинг ғоясидан аёлларни, хусусан, қизларимизни бемалол масхаралаш, ғурурини ерга уриш мумкин деб тушуниш керакми? Шундай қўшиқларга клипга тушаётган қизларнинг кўзи қаёқда? Ёки телевизорда чиройли кийиниб, “фалончи” артист билан телеэкранга чиқса бўлдими? Аслида ўша “фалончи”нинг қўлида ўйинчоқ, қуриб кетгур нафсининг шафқатсиз эҳтирослари  йўлида восита бўлаётган бўлса-чи? Бу ёғи билан нима ишингиз бор? Ҳамма дугоналарим менга ҳавас қилишини, шу “клип”да кўрган, аммо менга эътибор қаратмаган бир тўда йигитларнинг орқамдан соядек эргашиб  юришини хоҳлайман, дермикан?