Tjournal жиноий иш иштирокчисига айланган ва Россия билан хуфиёна алоқаларда гумон қилинаётган Wikileaks асосчиси ва эркин ахборот яловбардорининг таржимаи ҳоли борасидаги мақола эълон қилди.

Жулиан Ассанж Лондондаги Эквадор элчихонаси биносини балконида, 2016 йил. Фото Sputnik

Жорий йилнинг 19 май куни Швеция ҳукумати 45 ёшли Жулиан Ассанжга нисбатан эълон қилинган ва унга 5 йил давомида таҳдид солиб келган номусга тажовуз борасидаги айбловни бекор қилди. Wikileaks сайти асосчисининг исми 2010 йилда Америка ҳукумати томонидан фош қилингач, машҳур бўлиб кетган эди, ўшандан бери унинг исми тиллардан тушмай келаётир.

Махфий ахборотларни жамоатчилик билан бўлишишни истаган Ассанж Ироқдаги ҳарбий жиноятлар ҳақида ҳикоя қилган ва турли давлатларнинг махфий сиёсий манфаатларини ёритиб келган. Бу ишлар билан параллел равишда Ассанж Россияга бўлган муносабатини кескин ўзгартирган, Америка махсус хизматини ўзига нисбатан қайраб, турли можароларга аралашиб қолган ва алал-оқибатда, Эквадорнинг Британиядаги элчихонасида биқиниб ўтиришга мажбур бўлиб турибди.

Биринчи катта фош этиш

2006 йилда австралиялик ҳакер Wikileaks сайтига асос солади, ресурсни ривожлантиришда дастурчининг дўстлари, шунингдек, аноним манбалар иштирок этади. Дастлабки чиқишлар Сомали шайхининг давлат арбобларини ўлдириш режалари, Кения ва террорчилик ҳамда ҳарбий жиноятларда гумонланадиганлар ушлаб турилувчи Американинг Гуантанамо қамоқхонасида илдиз отган коррупция ҳақида ҳикоя қилган эди.

Халқаро нашрлар, жумладан, The Guardian ва The New York Times Wikileaks маълумотларини ёрита боради, бунинг оқибатида 2009 йилда АҚШ армияси аскари Брэдли Мэннинг Ассанж билан алоқага чиқади. У Америка ҳарбийларининг Ироқдаги жиноятлари ҳақида ҳикоя қилиб беришни ич-ичидан истаб юрган эди ва тез орада Ассанжга минглаб махфий ҳужжатларни бера бошлайди. Уларнинг ичида энг асосий топилма АҚШ армияси вертолёти бортидан туриб бегуноҳ инсонларнинг ўққа тутилиши видеоёзувидир.

2007 йилнинг 12 июлида пиёда қўшинларга ёрдам бериш учун жанговар ҳаракатлар зонасига чақирилган Америка вертолёти 20 га яқин қуролсиз кишини ўққа тутади, бу ҳолатда гўёки вертолёт учувчиси уларнинг қўлида қуролга ўхшаш нарса кўриб қолган бўлади. Шундан сўнг вертолёт воқеа жойига етиб келган машинага қарата ўт очади ва тўрт кишини ўлдиради ва икки болакайни яралайди. Ҳужум суратга туширилган ёзув 17 дақиқа давом этади.