6 октябр куни Сочининг Қора денгиз соҳилидаги «Сириус» федерал ҳудуди акваториясида нефт танкери ёниб кетди. Россия транспорт вазирлигига кўра, кемага экипажсиз катер ҳужум қилган. Либерия байроғи остида сузувчи танкерда бўлган 23 киши эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, «Афрамакс Рио» номли ушбу танкер Новороссийскдан Ҳиндистонга нефт хом ашёси олиб кетаётганди.

Ёнаётган кемадан чиққан тутун устуни бир неча километр масофадан кўриниб турган, Сочининг марказий қисмида яшовчилар ҳам куйинди ҳидини сезишган. Сочи ва «Сириус» маъмурияти танкердаги ёнғин туфайли барча пляжларни ёпган, аҳолига дераза ва эшикларни ёпиш, кўчага чиққанда ҳимоя ниқобидан фойдаланиш, имкон қадар ташқарига чиқмаслик тавсия қилинди.

Шу билан бирга, Sochi1.ru нашри ёзишича, Приморск соҳилида 6 октябр куни кечқурун ҳам одамлар сайр қилишда давом этган, кафелар ишлаб турган. Шу куни Сочида сиреналар янграмаган, хавф ҳақида огоҳлантириш бўлмаган.

Фото: Exilenova+

7 октябр куни эрталаб Роспотребнадзор Сочи яқинидаги танкерда рўй берган ёнғин туфайли Қора денгизда ифлосланиш йўқлигини, аммо вазиятни кузатиш давом этаётганини маълум қилди. Сочи маъмурияти ҳаводаги ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган концентрацияси чегарадан ошмаганини маълум қилди. Бироқ пляжлар ёпиқлигича қолмоқда.

9 сентябр куни ҳам Сочи соҳилига Украина денгиз дронлари (РФ мудофаа вазирлиги терминологияси бўйича «экипажсиз катер») ҳужум қилганди. Ўшанда қарийб 30 киши жароҳатланган. Ҳужум хавфи ҳақида огоҳлантириш берилганди, аммо гувоҳларнинг сўзларига кўра, кўплаб дам олувчилар аввалига бунга эътибор бермаган ва фақат портлашлардан кейингина қоча бошлаган.