15:50 / 31.05.2017
8417

Intel компанияси янги Core X процессорларини тақдим этди

Фото: intel

Intel компанияси ўтган йили бўлиб ўтган Computex кўргазмаси доирасида 1700 доллар турадиган 10-ядроли процессорни оммага намойиш қилган эди. Орадан бир йил ҳам ўтмай, микрочиплар ишлаб чиқарувчи машҳур компания умуман янги Core X процессорлари қаторини тақдим этди. Янги авлод процессорлари орасида энг кўзга ташлангани 18 ядроли 36 қаторли Core i9-7980XE процессори бўлди. У 1999 доллардан сотилиши маълум қилинди. Айтиш мумкинки, у яқинда шов-шувларга сабаб бўлган рақобатчи 16-ядроли AMD Ryzen Threadripper процессорини ортда қолдириши мумкин.

Ўта кучли кўп қаторли янги процессорлар энг талабчан фойдаланувчиларни ҳам қаноатлантириши керак. Масалан, 4К ўлчамли ўйинни ўйнаш баробарида ўйин жараёнини Twitch хизмати орқали бевосита HD форматда онлайн эфирга жонли узатишни хоҳловчилар ҳам ундан бемалол кўнгли тўлади. Агар 18 ядро жуда ортиқча деб ўйласангиз, Core X 16 (1699 доллар), Core X 14 (1399 доллар) ва Core X 12 (1199) процессорларидан бирини танлашингиз мумкин. Янги процессорлар ўтган йилги 10 ядроли процессорлар каби 140 ваттлик TDP (thermal design power ёки thermal design point)га эга. 

Янги процессорлар LGA 2066 сокети ва X299 чипсети билан жиҳозланган Motherboard платаларига мос келади. Янги Motherboard жорий йил июнь ойидан савдога чиқарилади. Янги сокет LGA 2011 ўрнини эгаллайди ва стол компьютерлар самарадорлигини сезиларли ошириш имконини беради. Барча i9 процессорлари 3,3 ГГц частотали бўлиб, Intel Turbo Boost Max 3.0 технологияси ёрдамида 4,3 ГГц тезликкача ишлай олади. 

Бундан ташқари, компьютер ўйинлари ихлосмандлари учун яна бир қувончли хабар шундан иборатки, 10 ядроли процессор i9-7900X нархининг 999 долларгача арзонлаштирилганидир. Ўтган йили 1700 доллардан сотилган эди. 

Top