Спорт | 07:50 / 31.05.2017
8068
2 дақиқада ўқилади

«Лестер» етакчиси жамоани тарк этишини эълон қилди

«Лестер» яримҳимоячиси Риёз Маҳрез ёзги трансферлар вақтида жамоасини алмаштирмоқчи экани ҳақида баёнот берди.

«Лестер»га бўлган ҳурматим туфайли жамоа олдида мутлақо тўғрисўз бўлганман. Шундай экан клуб раҳбариятига бошқа йўналишда олға интилиш вақти келганини маълум қилмоқчиман. Ўтган йили ёзда клуб президенти билан яхши суҳбат олиб боргандик. Ўшанда у мени яна бир йил клубга ёрдам беришимга кўндирганди. Аммо мен амбициялари ўта юқорилар тоифасига кираман ва янги тажрибалар тўплаш учун олға интилиш вақти келди деб ҳисоблайман.

Менинг клуб билан ва ажойиб мухлислар билан алоқаларимни бутун умр давомида қадрлайман. Умид қиламанки, улар менинг қароримни ҳурмат қилишади ва тўғри тушунишади», — дея жазоирлик футболчининг баёнот матнини келтиради Sky Sports нашри.

Эслатиб ўтамиз, Маҳрез клуб сафига 2014 йилда келиб қўшилганди. Унинг «Лестер» билан амалдаги шартномаси 2020 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.

Мавзуга оид