Украина ҳарбий раҳбарияти «Россиянинг ҳужумларига жавобан узоқ масофали қуроллардан фойдаланган ҳолда» янги операцияларни келишиб олди. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Михаил Драпатий ва мудофаа вазири Евгений Хмара билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
«Узоқ масофаларга зарба бериш имкониятларимизни кенгайтиришга тайёргарлик кўряпмиз,» - деди Украина раҳбари. У бошқа тафсилотларни келтирмади.
Йил бошидан бери УҚК Россия ёқилғи-энергетика мажмуаси объектларига зарбаларни кучайтирди. Сентябр ойига келиб Украина дронлари нефтни қайта ишлаш заводларига камида 70 марта зарба берди, оқибатда мамлакатда нефтни қайта ишлаш ҳажми йигирма йил ичидаги энг паст даражага тушиб кетди, бу эса бензиннинг ўткир тақчиллиги ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида чекловлар жорий этилишига олиб келди. Шунингдек, Украина Қуролли кучлари ҳарбий заводлар, порт инфратузилмаси ва яширин флот кемаларига зарбалар бермоқда.
Аввалроқ Украина бир неча ой давомида Россиядан энергия объектлари, портлар ва бошқа муҳим инфратузилмаларга зарба беришда ўзаро танаффусга эришишга ҳаракат қилган эди. Бироқ Путин ташаббусни рад этди ва бунинг ўрнига ҳужумларни кучайтирди. «Нега бу таклиф берилаётгани тушунарли, чунки Украина ҳудуди ичкарисига бераётган жавоб зарбаларимиз кучлироқ, сезгирроқ ва тўғрисини айтганда, вайронкорроқдир» - деди у.
Путин Россия нефт-газ инфратузилмаси, маркетплейслар омборлари ва савдо кемаларига ҳужумлар «муаммолар туғдириши» ва зарар етказишини тан олди, бироқ УҚК ҳаракатларидан «жиддий оқибатлар» йўқлигини таъкидлади.

















