Хитой раҳбари Си Жинпинг Ҳиндистонда бўлиб ўтган БРИКС саммитида кечки овқат тадбирида қатнашмади. Шундан сўнг, Вашингтонга ташрифи арафасида унинг соғлиғи хавотир уйғотди, деб ёзди The Wall Street Journal (WSJ) манбаларга таяниб.

Уларнинг сўзларига кўра, шу ой бошида Си ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли Нью-Деҳлида етакчилар иштирокидаги кечки овқатда қатнашмаган — Хитой раиси «сўнгги дақиқада» тадбирда иштирок этишдан воз кечган. Унинг ўрнига кечки овқатда Хитойнинг ташқи ишлар вазири Ван И ҳозир бўлган.

Ҳиндистоннинг Press Trust агентлиги манбаларга таяниб, Си Жинпинг «дам олиш учун меҳмонхона хонасига қайтганини» даъво қилди. Бироқ WSJ суҳбатдошларининг таъкидлашича, Хитой раиси ўзини ёмон ҳис қилган.

Си Жинпингнинг кечки овқатда иштирок этмагани Хитойнинг 73 ёшли етакчиси қанчалик соғлом экани ва Пекин унинг АҚШга сафари олдидан аҳволи ҳақида бирор нарса айтишга тайёрми, деган саволларни келтириб чиқарди, деб ёзди WSJ. Шу билан бирга, Хитой раиси жиддий касал эканига ҳеч қандай далил йўқ.

Газетанинг аниқлик киритишича, сўнгги бир неча йил ичида Сининг аҳволи ҳақида саволлар туғдирган бир нечта эпизодлар бўлган, аммо буларнинг ҳеч бири «ташхис эмас».

Си Жинпингнинг Вашингтонга расмий ташрифи 24 сентябр куни бошланади — бу Хитой раҳбарининг 10 йилдан ортиқ вақт ичида АҚШга илк сафари бўлади. Саммитда у ва АҚШ президенти Доналд Трамп, хусусан, сунъий интеллект, Эрон, Тайван ва савдо масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.