Ҳар қандай инсон ҳаётида янги уй қуриш, кўчиб кириш, Ватан ичра ўз Ватанига эга бўлиш бахт саналади. Шу жиҳатдан юртдошларимиз янги уй - жой қуришга азалдан алоҳида меҳр билан қарайди.
Бугун Ўзбекистон бўйлаб намунали типдаги янги уй-жойлар қуриш жадал суръатда ўсиб бормоқда. Бироқ муаммо, камчиликлар ҳам талайгина. Кун.uz электрон манзилига келган мурожаатлардан бирида айни шу ҳақда маълум қилинган.
Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани, Қўқоновул массивида бунёд этилган намунали типдаги уйларда истиқомат қилувчи 46 хонадон эгаси бугун ҳадик ва хавотир билан яшамоқда. Гап шундаки, ушбу уйларнинг шундоқ ёнида, тахминан 30-40 гектар ер майдонида шоли экилади. Қарийб бу муаммо билан аҳоли 2 йилдан бери курашиб келмоқда. Аммо натижа йўқ.

Ижодий гуруҳ мурожаатни ўрганиш мақсадида айтилган манзилга етиб борди. Бизни маҳалла аҳли кутиб олди. Энг аввало мурожаатда айтилган шоли экинзори кўздан кечирилди. Ҳақиқатдан ҳам улкан ҳудудда шоли экилган. Экинзор ичи сув билан тўла.


Маълумот учун: 30-40 гектар шолига қуйилган сув 40 000 кубометргача боради. Шоли майдонининг рельефи маҳалладан 1-1.5 метрга баланд. Мактаб физика дарслигидаги туташ идишлар қоидасига кўра, ўрталиқда зовур ўтказилган тақдирда ҳам, шолининг суви маҳалла уйларининг тагидан булоқ бўлиб отилиб чиқади. Чунки, бу ҳудудда ер қазилса, тупроқсиз шағал кўринади. Бундай ер остида сув қувурда оққандай оқади.

Ушбу шоли экинлари қайси фермер хўжалигига ёхуд кимга қарашли экани билан қизиқдик. Маълум бўлишича, шоли экинларига жавобгар шахс Баҳром Қорахўжаев бўлиб, ундан шоли экинзори ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилдик.

“Бу ер ўзи ботқоқ жой. Аввалдан шоли поя бўлиб келган. Бу ер шундай жой – керак бўлса трактор ҳам чўкиб кетади. Уйларга зарари тегмайди. Менинг ўзим шу ерда, канални ёнида тураман – уйимни ҳеч қаери ёрилмаган. Шоли экилган жой тахминан 10-15 гектардир. Бу ернинг тагида ҳамма жойда сув бор. Фермер хўжалиги шу ерга экиб бергин, деган, экмоқдамиз. Бу ернинг раҳбари бошқа одам – Рустам ака, деган инсон”, - дейди у.




















