Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида Қорасув канали қирғоғининг 9 километр узунликдаги қисмини ободонлаштириш бўйича 32 миллиард сўмли лойиҳа амалга оширилмоқда, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июл куни канал соҳилида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Қурилиш ўтган йили бошланган бўлиб, икки босқичга мўлжалланган. Биринчи босқич доирасида Тинчлик ва Қорасув маҳаллалари оралиғидаги 1,6 км қирғоқ ободонлаштирилган.
Ҳудудда пиёдалар учун замонавий йўлаклар, фаввора, воркаут майдончалари, аквапарк ҳамда кўприк ости туннели қурилган.


Шунингдек, манзарали дарахтлар, қулай ўриндиқлар билан бирга умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам очилган.
Кейинги босқичда Қорасув, Роватак ва Файзобод маҳаллаларидан ўтувчи қисмида кўнгилочар, дам олиш ва гастрономик кўчалари ташкил этилади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сони 6 тага етказилиб, 150 та янги иш ўрни яратилади.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, қирғоқбўйи ҳудудларини ободонлаштириш нафақат ҳордиқ чиқариш масканларини барпо этиш, балки ҳудудларда савдо, хизмат кўрсатиш ва бандликни ривожлантириш имконияти сифатида ҳам кўриб чиқилмоқда.











