Бугун, соат тахминан 07:30 ларда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтган D002 «Тошкент—Нурафшон» автомобил йўлининг 9-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Маълум қилинишича, 1991 йилда туғилган ҳайдовчи Labo русумли автомобилда қайрилиб олиш мумкин бўлган жойдан манёврни амалга ошираётган вақтда ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Lacetti ва Tracker русумли автомобиллар билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида автомобилларда ёнғин келиб чиққан. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар томонидан ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида ҳаракат иштирокчиларидан ҳеч ким жароҳат олмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.









