2013 йили Парижда кодинг мактаби очилган эди. У ерга асосан ёшлар, кўп ҳолларда тажрибасиз дастурчиларни қабул қилишади. Уларга тураржой ва зарур техникалар тақдим этилади ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш сўралади. Унга кириш учун олий ёки ўрта маълумот ҳақидаги диплом керак эмас, шунингдек, ўқитувчи ва жиддий назорат ҳам йўқ. Мактабнинг асосий мақсади — тажриба тақдим этиш ва иқтидорли мутахассисларни кашф этишдир. 

42-мактаб ўқувчилари. Фото San Francisco Chronicle

2016 йилда мактаб филиали Калифорнияда ҳам очилди. Худди шунга ўхшаш лойиҳалар турли мамлакатларда ҳам пайдо бўла бошлади. Кўплаб IT-мутахассислар ҳам унда келажак таълимини кўришганини айтиб, лойиҳани олқишлашди. 

2017 йил баҳорида 42-мактабга IT-мутахассис Пол Грэм ва «ВКонтакте» ҳамда Telegram Павел Дуров ташриф буюрган эди. 

«Бугун мен 42-мактабда бўлдим ва ҳануз кўрганларим таъсиридаман. Университетлар, эҳтиёт бўлинглар», - деб ёзган эди ўз ташрифидан сўнг Пол. 

«Ксавье Ньелнинг 42-лойиҳаси, дастурлашдаги кўп масалаларда анча илгарилаб кетган мактабдан лол қолдим. Бу қайсидир маънода келажак таълимидир», - деган Павел Дуров. 

Қанақа мактаб ўзи бу?

42-мактаб — бу бошловчи ва тажрибали дастурчилар учун хусусий ўқув таълим масканидир. Унинг бўлимларидан бири Парижда, иккинчиси — Калифорниянинг  Фримонт шаҳрида очилган. Унинг номланиши «Автостоп билан галактика бўйлаб» китобига боғлиқ. Асарда ўта кучли сунъий ақл «Ҳаёт, Коинот ва барча бошқа нарсаларнинг асосий саволи»га шу рақам билан жавоб берган. Мактабда ўқиш бепул, талабаларга умумий ётоқхонадан жой, кучли iMac ва чексиз интернет тақдим этилади. 

Таълим жараёни ўқитувчиларсиз ташкил этилган бўлиб, талабалар интернетда ахборотни топади ва биргаликда IT-лойиҳалар устида ишлайди. Мактаб бир кунда 24 соат, ҳафтасига 7 кун ишлайди. Талабалар истаган вақтда келиб кетишлари мумкин. Бу ерда академик жадвал мавжуд эмас. Биринчи йилда 70 минг киши ариза топширган бўлиб, улардан 3 мингга яқини тест орқали танлаб олинган.

Америка ва Франциядаги бўлимларида 20 нафаар ходим ишлайди, аммо улар дарс бермайди ёки талабаларнинг ишларига аралашмайди, балки шунчаки маъмурий вазифаларни бажаришади. Раҳбарият ўқитувчилар орқали билим беришни қўллаб-қувватламайди, чунки уларнинг фикрича, ҳар қандай маълумотни мустақил равишда интернетда топса  бўлади.