Спорт | 11:10 / 14.06.2017
27950
6 дақиқада ўқилади

Яратганнинг инояти — Борингга шукр Қатар

Журналист Аброр Зоҳидов Қатар терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашида ўзи учун натижаси аҳамиятсиз учрашувда Жанубий Корея термасини мағлуб этгач ва Ўзбекистон терма жамоасига ёрдам қўлини чўзгач, миллий терма жамоа футболчиларига қаратилган фикрларини баён қилди. Унинг «Яратганнинг инояти — Борингга шукр Қатар» номли мақоласи «Трибуна.uz» сайтида нашр этилган.

Ақл бовар қилмас ҳолат юз берди азизлар! Кечагина умидлар сўниб турганида бугун кутилмаган жойдан нажот эшиги очилди. Орқадан хавф солган Хитой ва Сурия бир бирларининг оёғидан чалган бўлсалар, биз қувиб кетаётган Жанубий Корея Қатар майдонида қоқилди. Хўш, бундан ортиқ яна нима керак?! Энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Майдонга арслондек шахд билан кириб келиб, тўпни бургутдек чангаллаб учмоқ керак.

Футболимизни роса танқид қилганман. 
•    “Сурияга қарши ўйин сизга ёққан бўлса, вовуллашга тайёрман” 
•    “Ҳар биримиз термамизни истаганча танқид қилганмиз, сўкканмиз, қайтиб унинг ўйинларини кўрмасликка қасамлар ичганмиз. Лекин қариндош сингари терма жамоа ҳам танланмайди шекилли. Уни қандай бўлса шундайлигича қабул қилишга мажбурсан. Яъни хоҳлайсанми хоҳламайсанми, мақтайсанми сўкасанми барибир, ўйин бошланганда секин телевизор қаршисига чўкасан. Чунки Ўзбекистон ўйнаяпти! Ватан бу ахир!” 
•   “Нега 25 йилдирки бир жойда депсинаверамиз?! Нега йиллар ўтгани сайин жаҳон аренасида фақат орқага кетаётганимизни ҳис қилиб яшаймиз?! Ўзбек футболига миллат шаънини ерга уриш, даражамиз билан шарманда қилиш учун пул сарфлаяпмизми ёки?!” 
•   “... футболдан буткул воз кеча қолайлик... Футболдан ортган пулларга курашни, боксни ривожлантирайлик. Ахир муштдеккина йигитчамиз Ҳасанбой кўзи ёниб олтинни қўлга киритганида йиғламаган, ўзбек эканлигидан ғурурланмаган одам қолдими? Унинг ва бутун жамоанинг ортидан ринг ёнида ҳар бир зарба учун минг ёниб куйган мураббий ким-у Бабаян ким?! Қай бири кўпроқ эъзозда, ўхшатишнинг ўрни бўлмаса-да, қай бири кўпроқ бой?!”

Булар менинг сўзларим ва ҳеч биридан тонмайман. Аммо терма жамоадаги йигитларга янги мурожаатим бор: “Йигитлар! Сизга Аллоҳ Қатарнинг оёқлари билан янги иноят берди! Ҳаммаси энди сизларга боғлиқ. Қолган иккита ўйинда керакли натижага эришиб, ҳаммамизни қойил қилдириб ташланг! Мундиал йўлланмасини қўлга киритинг ва микрофонни олиб “Кеча ўтирволиб бизни танқид қилаётган қаламкаш қани, буёққа чиқсин” денг. Мен бошимни эгиб борай, ҳар бирингиздан алоҳида кечирим сўрай, камига ҳар бирингизнинг сўз дарралари урилган елкангизга ўзбекча чопон ёпай, қувват бир кетиб бир келаверадиган белларингиздан қучиб қийиқ боғлай, Бабаяннинг бири биридан мукаммал комбинациялари қалашиб кетган бошингизни силаб дўппи кийдирай. 

Ана ундан кейин кўзда ёшим шашқатор бўлиб Россия сари отланай...

Дарвоқе, бир сирни очиш вақти келди - футболимизга бунчалик куйикишимга шахсий ва андак “ғаразли” сабаблар бор: мен олтмишдан ошган отамга ва ўсмир ўғлимга “Россияга бирга борамиз ва Ўзбекистонга мухлислик қилиб келамиз” деб ваъда бериб қўйганман! Тасаввур қиляпсизми, сизга уч авлод вакиллари кўз тикиб турибди! Бу сафар эплолмай кейинги сафар чиқсангиз отам “Россия ўзимизники эди, Қатарингни қўй болам” дейиши, ўғлим ўқиш ва ишларга аралашиб, мен яккаланиб қолишим мумкин. Илтимос, оиламизнинг орзуси ушалсин!

Дарвоқе, Қатар тўғрисида...
Кечаги ўйинни кўрдингизми, йигитлар? Аввал тайинли умиди йўқ Сурияни мисол қилиб кўрсатгандим. Қатар ундан ҳам оширди. Ҳар қандай ғалаба ҳеч қандай натижа бермаслигини билатуриб ҳам шердек олишди шоввозлар! Хўш, ўша бизнинг оёғимизни қалтиратган (ва ҳануз қалтиратаётган) Жанубий Кореянинг боши иккита эканми? Зўр келганда минг чиранмасин елкасини қисиб қолдику.

Қатар эса кеч бўлсада Ватан учун майдонга чиқди, оппоқ либосли қорасоқол, қоракўзларнинг дилини ўз ўйини билан шод қилди. Ўйин тугаганидан кейин эътибор бердингизми, бир қора танли футболчи йигит роса йиғлади. У ўз ватандошларининг ишончини ўз вақтида оқламагани учун хижолат бўлиб кўз ёш тўкди.

Сизда эса ҳали имкониятлар етарли! Келинг, ўттиз уч миллион халқнинг мундиал аталмиш орзуси ушалсин! Қайта учқунлаган умидларни алангага айлантиринг! Яна бир нарсага ишонинг: Россияда ҳеч бир терма жамоа сизларчалик мухлисларга эга бўлмайди! Уёқдаги юртдошларимиз камлик қилса камида 100 минг мен каби мухлис йўлга отланиши тайин!!! 

Ҳозирча биринчи вазифани уддалайлик, мундиалга чиқайлик! 

Уёғига яна бир гап бўлар. Роналду Мессилар ҳам одамку ахир...

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид