Исломий ва миллий қадриятлардан бири ўзгаларга ёрдам қўлини чўзишдир. Ушбу кўмак моддий ёки маънавий бўлиши мумкин. Рамазон ойида бериладиган закот ва фитр ана шундай қадриятлар сирасига киради. Бу ҳақда muslim.uz ёзмоқда.

“Закот” сўзи тилимизда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса “Закот махсус молдан, махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир”.

Закот туфайли ижтимоий барқарорлик юзага келади. Шунингдек, закотнинг фақат моддий эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолари ҳам бор. Закотда берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам катта фойда бор. Закот беришдан асосий мақсад кам таъмиланган фақир-фуқаро, бева-бечораларга молиявий ёрдам бериш баробарида инсонни молу дунёдан устун қилиш, инсон мол-дунёнинг эмас, мол-дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ:

“Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир”, деганлар.

Закот мусулмонларнинг маълум саноққа етган ва бир йил айланган чорва молларидан берилади. Унинг шарти йилнинг кўп қисмини яйловда ўтказган бўлиши керак. Уламоларимиз бунинг ҳикматини қуйидагича айтган. Одатда, чорва ҳайвонлар яйловдаги ўт-ўсимликлар билан озиқланади. Ваҳоланки, ўша яйловда унган ўт-ўланлар аҳолининг умумий мулки ҳисобланади. Демак, унда халқнинг ҳақи бор. Чорвадор ҳамма молини халққа бера олмаслиги табиий. Шу боисдан унга молидан 2,5 фоизни ажратиш кифоя. Ана ўша ажратилган мулк, табиийки, ўзи каби мулкдор бойга эмас, муҳтож одамга берилади. 

Муайян миқдорга етган, йил тўлган тижорат молларидан ҳам закот берилади. Тижоратчининг мулкига шубҳали моллар аралашиб қолиши эҳтимоли бор. Молини поклаб олиш учун муҳтожларга шариат белгилаган қисмини ажратиши керак бўлади. Яна уйида закот миқдорида пули борлар, ё сотиш ниятида машина, уй-жой, қимматбаҳо нарсалар олиб қўйган ҳамда 85 гр тилло-кумуши борлар ҳам закот беради. Тасаввур қилинг, бир одамнинг уйида 15 миллиондан ортиқ пули бор. Буни асраб қўйганига бир йил бўлди. Шундан у закот бериши керак бўлади. Чунки пулни уйида сақлагани боис давлат ва жамият зарар кўради.

Зеб-зийнат ва тилло тақинчоқлар ҳеч қачон қадр-қийматини йўқотмайди ва табиий равишда нархи ўсувчи мол ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ундан улуш берилади. Зеро, баъзи уддабурон одамлар пулни жамғариш мақсадида тиллога айлантириб қўйиши ҳеч кимга сир эмас. Давлатга тўланадиган солиқ садақа ва закот ҳисобига ўтмайди.