Жамият | 10:20 / 21.06.2017
13653
3 дақиқада ўқилади

Ўғирлик қилган коллеж талабалари ушланди

Эрта тонгдан дурадгор Хуршид уста укаси Мансур билан дўконининг эшигини очди. Ичидаги нарсалар сочилиб ётганини кўриб, ҳуши бошидан учди. Ичкари хонасидаги кичик дераза очиқ эди. Югуриб бориб, стол тагига қаради. Сейф жойида йўқ эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Муҳриддин кунботар пайти туман марказидаги компьютер ўйинлари ўйналадиган бинога кириб борди. У ерда ўзидан тўрт-беш ёш кичик, ҳали коллежда ўқийдиган танишлари Шаҳриёр, Абдулсобит ва Шоҳжаҳон гўё монитор ичига кириб кетгудай бўлиб, ўйинни авжига чиқаришган эди. Муҳриддин уларга қўшилиб кетганини сезмай қолди.

Тўртовлон дўкондан чиқиб, кўчада сайр қила бошлашди. Вақт алламаҳал бўлгани, ота-оналари хавотир олиши мумкинлиги ҳеч бирининг хаёлига келмасди. Муҳриддин ва Шаҳриёр йўлда дўконга кириб, спиртли ичимлик олиб чиқди. Эшик-ром ясаладиган дўкон ортидаги стадионга ўтиб, улфатчилик қилишди. Ичимлик изғиринда жунжиккан таналарини қиздирди, сўнг кўнгил тубида чўғланиб ётган шум ниятларга мой сепди. Сархуш улфатларнинг гурунги ўз-ўзидан пул топишга бориб тақалди. Сўнг тўртовлон ёнларидаги дўконга ўғирликка кириш режасини туза бошлашди. Шоҳжаҳон ўқишдан бўш пайтлари дўкон эгаси бўлган дурадгор Х.Саъдиевга қарашиб турарди. Шу боис дўкон ичидаги манзара унга таниш эди.

Вақт ўтқазиш учун Муҳриддиннинг уйига боришди. Ярим тунда яна дўконга қайтиб келишди. Шаҳриёр ва Шоҳжаҳон Муҳриддиннинг елкасига оёқ қўйиб, деразадан ошиб, ичкарига киришди. Бироз вақт ўтиб, улар деразадан Муҳриддин ва Абдулсобитга сейфни узатишди.

Сейфни стадион томонга кўтариб боришди. Сўнг ёнларидаги калитларни бирма-бир унинг қулфига суқиб кўра бошлашди. Ниҳоят сейф очилди. Аллақандай қоғозлар, паспортлар орасидан 66 минг сўм пул топишди. “Паспорт ва бошқа ҳужжатларни деразадан ичкарига ташлаб келайлик”, - деди шериклардан бири. Муҳриддин унамади. Сейф ичидан чиққан нарсаларни стадион четидаги чуқурликка кўмишди, ҳужжатларни ёқиб юборишди, 5 дона паспортни Муҳриддин олиб кетди...

Ўғри болалар узоққа боришолмади. Олиб борилган тезкор тадбир давомида уларнинг қинғирликлари фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судининг ҳукмига кўра уларга тегишли жазо тайинланди. Жабрланувчига етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлиги қайд этилган ҳолда хавфли рецидивист ҳисобланган, илгари содир этган жинояти учун ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган Муҳриддин Эргашев тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Вояга етмаган ўсмирлар – Шаҳриёр Равшанов энг кам иш ҳақининг 15, Шоҳжаҳон Мусурмонов ва Абдулсобит Камолов эса 10 баравари миқдорида жарима тўлайдиган бўлишди. 

Мавзуга оид