Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда минтақада ишлаб чиқариш, мавжуд техника ва технологиялардан фойдаланиш, хизмат кўрсатишнинг асосий тармоқларини ривожлантириш, муҳандислик таълимини ривожлантиришда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш ва сифатини яхшилаш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўгрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорига мувофиқ Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали (кейинги ўринларда Тошкент давлат техника университети Термиз филиали деб аталади) ташкил этилади.
Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
транспорт тизимлари ва йўллари ҳамда уларнинг эксплуатацияси, кимёвий технология, бино ва иншоотлар қурилиши ва материаллари, озиқ-овқат технологияси, технологик машина ва жиҳозлар, енгил саноат технологияси, экология ва саноат хавфсизлиги соҳаларида юқори малакали мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг илмий-технологик вазифаларини ҳал этишга, илғор хорижий технологияларни синаб кўриш ва жорий этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш ва ишланмаларни амалга ошириш;
хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибасини ва мамлакат иқтисодиёти талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли муҳандислик-техник ва ишлаб чиқариш йўналишлари ҳамда мутахассисликлар бўйича илмий-услубий адабиётларни ишлаб чиқиш;
қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-таълим жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб этиш мақсадида техника соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.
Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига ҳар йилги талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.













