Туркияда 1 ноябрдан бошлаб болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланади.  Бу ҳақда Resmi Gazete хабар берди.

Хабарга кўра, ижтимоий тармоқлар 15 ёшдан кичик болаларга хизмат кўрсата олмайди. 15 ёшдан катта фойдаланувчилар учун эса платформалар шахсий маълумотларни ҳимоя қилувчи ва хавфсизликни кучайтирувчи махсус режим жорий этиши лозим. 

Шунингдек, 15 ёшдан катта фойдаланувчилар учун болаларнинг қизиқиши ва уларнинг жисмоний, руҳий ҳамда ижтимоий ривожланиш хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда алоҳида хизмат кўрсатиш режими кўзда тутилмоқда. Мазкур режим доирасида ўсмирларнинг аккаунтлари ёпиқ ҳолда бўлади.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар ота-оналарга фарзандларининг аккаунтларини назорат қилишларига имкон берувчи воситаларни тақдим этишга мажбур бўлади.

Жорий йил апрелида Туркия парламенти 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқларга киришни тақиқловчи қонунни қабул қилганди.