Жамият | 15:10 / 11.07.2017
11403
2 дақиқада ўқилади

Электр корхонасидаги ўзибўларчилик

Оққўрғон тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари Рустам Анваров (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2015 йилнинг декабридан 2016 йилнинг май ойига қадар ушбу лавозимда ишлаб, корхонага 501 млн. 268 минг сўмлик зарар етказилишига сабабчи бўлган. Хусусан, Р.Анваров қонун ҳужжатларига зид равишда электр энергияси ҳақининг камида 50 фоизини олдиндан тўламаган, шунингдек, шартномада белгиланган муддатларда тўланмаган қарзи бор корхоналарга энергия етказиб берилишига йўл қўйиб, давлатнинг энергия ташувчи қурилмасининг беҳуда ва асоссиз сарфланишига йўл қўяди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Хизмат вазифасига совуққон муносабат, нафсга эрк бериш натижасида энергия сарфининг ҳисоб-китоб тизими тўғри ташкил қилинмайди. Бунинг оқибатида Р.Анваров истеъмолчиларга етказиб бериш учун корхонага кирим қилинган 230 млн. 199 минг сўмлик электр энергиянинг номаълум, яъни туман электр корхонасининг электрон рўйхатида бўлмаган истеъмолчилар томонидан сарфланиб юборилишига йўл қўяди.

Бундан ташқари, электр энергиясига ноқонуний уланган истеъмолчиларни тегишли тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўриш ўрнига, улардан моддий манфаат кўриб келади. Хусусан, назоратчилар томонидан “Зокир келажак” хусусий корхонаси раҳбари Содиқжон Умаров ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, туман электр таъминоти корхонасига 6 млн. 800 минг сўмлик зарар етказгани аниқланади.

Раҳбар ушбу ҳолат бўйича тузилган далолатномани расмийлаштирмаслик эвазига, қонунбузардан “улуш” талаб қилади. Бироқ унинг бу режаси якунланмай қолди. С.Умаровдан 3 млн. сўм пулни пора тариқасида олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди.

Суд Р.Анваровни ЖКнинг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, унга 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Мавзуга оид