Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратуранинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган.

Хабарда айтилишича, прокурор ёрдамчиси хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаронинг автомобил олди-сотдисига оид масаласини ҳал қилиб бериш ҳамда банкдан имтиёзли кредит олишида ёрдам кўрсатиш учун пул сўраган.

Тадбир давомида у талаб қилинган маблағнинг 4 700 долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Терговга қадар текширувда мазкур фуқародан аввал ҳам 1 300 доллар олгани аниқлангани билдирилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан прокурор ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатиш чораси кўрилмоқда.

ДХХ фуқаролардан шундай қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришни сўраган. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланган.