Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. 

Давлат раҳбари жорий йил 3 февраль куни Сергели туманида бўлиб, замонавий уй-жойлар қуриш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича қатор истиқболли вазифаларни белгилаб берган эди. Бу галги ташрифда ана шу ишларнинг ижросига эътибор қаратилди. 

Бугун Сергели туманининг 6-мавзеси улкан қурилиш майдонига айланган. Бу ерда 66 та 7 қаватли уй бунёд этилмоқда. Улар Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади. 2 минг 500 дан зиёд оила янги уйга кўчиб ўтади. 

Мамлакатнинг барча шаҳару қишлоқларида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари халқимизнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминламоқда. Давлат раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур қарор асосида қурилаётган уй-жойлар шаҳар аҳолиси, жумладан, ёш оилалар, уйга муҳтож фуқароларни арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Қарорга мувофиқ, 2017-2020 йилларда мамлакатимиз шаҳарларида 945 кўп қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. 2017 йилда 191 кўп қаватли уй барпо этилиши белгиланган. Шундан 102 таси Тошкент шаҳрида бунёд этилмоқда. 

Сергели туманидаги қурилиш ишлари учта майдонда олиб борилмоқда. 6-мавзедаги 66 та етти қаватли уй қурилиши якунланиш арафасида. Бошқа майдонлардаги 36 та кўп қаватли уйни қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган. 

Уйлар мамлакатда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан замонавий қилиб барпо этилмоқда. Шунингдек, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, дам олиш жойлари, поликлиникалар, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилган. 

Президент ушбу уйлардан бирига кириб, бу ерда яратилаётган шароитлар билан қизиқди. 

«Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича замонавий тизим яратилди. Бу одамларнинг кўп йиллик орзу-истакларини рўёбга чиқарадиган муҳим йўналиш. Бу ишларни ўз вақтида бошламаганимизда шундай натижага эриша олармидик», деди Шавкат Мирзиёев.