Ўзбекистон | 16:00 / 13.07.2017
20605
3 дақиқада ўқилади

Ҳокимликка номзод партия гуруҳлари муҳокамасидан ўтмаса, лавозимга тайинланмайди — Президент

Фото: ЎзА

Шавкат Мирзиёев видеоселекторда бундан буён вилоят ва республика миқёсидаги ижроия ҳокимияти юқори лавозимларига тайинлашда партиялар фикрини албатта инобатга олиш тартибини жорий этиш таклифини билдирди.

«Яна бир жиддий масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бизда ҳокимлар маълум бир сиёсий партия аъзоси ҳисобланади. Лекин, улар ҳоким бўлганидан кейин ўзи аъзо бўлган партия билан умуман алоқани узиб қўяди. 

Бу борада бир таклифни илгари сурмоқчиман: туман ёки шаҳар ҳокими номзодини вилоят ҳокими томонидан тегишли маҳаллий кенгашларда ҳар бир партия гуруҳи билан маслаҳатлашув ўтказилганидан сўнг тегишли сессияда тасдиқлаш тартибини жорий этсак, нима дейсизлар? 

Сизларга маълумки, бундай тартиб ҳозирги вақтда вилоят миқёсида мавжуд. Аммо у фақат қоғозда бор-у, амалда, афсуски, ишламаяпти. 

Биз энди ана шу қонуний механизмни маҳаллий кенгашларнинг барча босқичида самарали ишга соламиз. Агар бирорта номзод партия гуруҳлари муҳокамасидан ўтмаса, у ҳоким лавозимига тайинланмайди. 

Айтиш керакки, ҳоким лавозимига номзод сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган кадрлар орасидан танлаб олинади, яъни ҳоким муайян сиёсий партиядан бўлади. Бунинг учун ҳар бир сиёсий партияда ҳокимликка номзодлар бўйича кадрлар захирасини шакллантириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Айни пайтда маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳларига тегишлича туман ёки шаҳар ҳокимлари, шунингдек, маҳаллий ижро органлари раҳбарларининг қониқарсиз фаолияти ҳақида хулосаларни вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тақдим этиш ҳуқуқини ҳам бериш керак, деб ҳисоблайман. Бу борада ҳар бир сиёсий партия гуруҳи ўз хулосасини бериши лозим. 

Яна бир таклиф – бундан буён вилоят ва республика миқёсидаги ижроия ҳокимияти юқори лавозимларига тайинлашда партиялар фикрини албатта инобатга олиш тартибини жорий этсак, нима дейсизлар? 

Шу муносабат билан Давлат маслаҳатчиси О.Муродовга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан биргаликда бир ой муддатда «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилади», деган президент. 

Мавзуга оид