Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.

“Эртага келиб жаримага тортиб кетаман”

Ҳокимлар ва бошқа маҳаллий масъуллар одамларнинг уйига кириб, уларга тозаликни ўргатиб юргани – ҳафтанинг бош мавзуси бўлди. Биринчи бўлиб Шаҳрисабз тумани ҳокими интернет юлдузига айланди, шундан кейин бу каби “тозалик рейдлари” бутун республика бўйлаб ёйилгани маълум бўлди.

Ҳисобот учун олинган видеога қараганда, Шаҳрисабз ҳокими Самад Ҳасанов ваколат доирасидан четга чиқиб, бир аёлнинг шахсий ҳаётига аралашган ва уни камситган. У уйнинг тандирхона, ошхона ва ҳатто ётоқ хоналаридан бирини ҳам кўздан кечирган; очиғини айтганда эса, бировнинг ҳаётига бурнини тиққан.

“Нима учун сизга тўғри, нормал яшашингизни ташқаридан кимдир келиб айтиши керак? Нимага бундай яшаяпсиз? Ўчоқ-айвонингизни қаранг... Бу уйда қандай ётиб турибсиз? Кеча кечқурун қандай ухладингиз? Кеча кечқурун ўчоқ-айвонингиз шундай бўлиб туриб, қандай яшадингиз?

Ошхонангиз қаерда? Юринг... Мана буни қаранг кирлигини. Шу рўзғор-да энди? Бир эркак яшаяпти сиз билан. Совиткичнинг чанг, кирлигини қаранг. Ушлаб бўладими шуни? Маҳалла раиси, буёққа келинг, мана буни қаранг (совиткични очиб кўрсатади): мен сизга айтгандим-ку, 3-4 кунлик идишлари билан ётади булар сасиб”, – деган ҳоким.

Самад Ҳасанов масъулларга уйдаги ҳолат учун аёлга жарима солишни буюрган. Айнан қанақа жарима ҳақида гап кетаётгани номаълум – ҳокимнинг матбуот хизмати ҳолат бўйича берган изоҳида бу масалага аниқлик киритмаган. Ҳокимликка кўра, Самад Ҳасанов аслида ногиронлиги бор кекса ватандошнинг уйига бормоқчи бўлган, лекин маҳалла раиси адашиб, ёнма-ён жойлашган қўшни уй эшигини кўрсатган. Лекин ҳоким ва маҳалла раисининг оғзидан чиққан гаплар бу изоҳнинг ғирт ёлғонлигини кўрсатади: видеода улар бу уйга 20 кун олдин ҳам, 3 кун олдин ҳам келиб огоҳлантириш берилганини айтишган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўра, “фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, асосланмаган маъмурий босим ўтказиш қонунчиликка ва этика меъёрларига мутлақо зид”. Агентлик ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказишни сўраб, Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тақдимнома киритган. Афтидан, идора бунақа тақдимномалардан ҳали кўпини киритишига тўғри келади – Самад Ҳасанов бу кампания доирасида видеоси тарқалган ягона амалдор эмас.