"Гулханлар мамлакати" номини олган Озарбойжон ўзининг бой тарихий ва маданий мероси билан мақтанса арзийди. Мамлакатдаги кўплаб тарихий ёдгорликларининг ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилиши бунинг исботидир. "Кун.уз" мухбири Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази таклифига биноан бир гуруҳ журналистлар қаторида Озарбойжоннинг диққатга сазовор тарихий ва маданий масканларида бўлиб, шу ҳақида ҳикоя қилади. 

Озарбойжон Республикасининг аҳолиси - 10 миллионга яқин, майдони эса 86 600 квадрат километрни ташкил қилади. Мамлакат бу икки кўрсаткич бўйича Кавказ орти мамлакатларининг энг йириги ҳисобланади. Пойтахти - Баку шаҳри. Давлат тили - озарбойжон тили. 

Нефть ва газ қазиб чиқариш, кимё саноати, металлургия, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар мамлакат саноатини ташкил қилади. Озарбойжон иқтисодиётини тирик организмга қиёслайдиган бўлсак, айтиш мумкинки, унинг "томирларида" нефть оқади. Нефть ва газнинг кўплиги қадимданоқ бу мамлакатни дунёга танитди. Шу боис бу ерда бинолар қурилиши ва буюмлар тайёрлашда гулхан шаклига алоҳида эътибор қаратилиши кўзга ташланади. 

Агар ўзингизни палеолит даврида ҳис қилгингиз келса, сизга Озарбойжондаги очиқ осмон остидаги музей ҳисобланган "Гобустон"га боришини тавсия қиламиз. Бу ерда қоятошлардаги кўплаб тасвирлар билан бирга "гавалдаш" номли қадимий зарб асбобини ҳам кўриш мумкин. 

Эрамизнинг ўрта асрларига "саёҳат қилиш" истаги туғилса, "Ичеришеҳер" ("Ичкари шаҳар")га ташриф буюринг. Бу ерда Қиз қалъаси (XI-XII асрлар), Ширвоншоҳлар сарой мажмуаси (XV аср) ҳамда ўрта асрнинг кўплаб тарихий ёдгорликлари, шунингдек турли музейлар ва дўконлар  бўйлаб сайр қилишингиз мумкин. 

Дарвоқе, Озарбойжон музейлари менда жуда катта тассурот қолдирди. Бу борада Ўзбекистоннинг ўрганса арзигулик жиҳатлари кўп. Мамлакатдаги музейлар замонавий технологиялар билан таъминланган бўлиб, улар зиёратчиларга тарихий даврлардаги муҳитни янада яққол акс эттиришда ёрдам беради.