Таниқли иқтисодчи, молиявий эксперт Юлий Юсупов ҳам Kommersant.uz сайтида эълон қилинган ўзининг «Ўзбек иқтисодий модели: асотирлар ва ҳақиқат» мақоласида яқин ўтмишда юртимизда юритилган хато иқтисодий сиёсат ҳақида фикр юритади.

Юлий Юсупов ўз мақоласида барча яқин ўтмишда хўб мақталган, бироқ ўзини оқламаган «Ўзбек модели» ва унинг келиб чиқиш сабаблари, камчиликлари ва қайси инқтисодий модел манзурроқ эканлигига бирма-бир тўхталиб ўтади: фактларга, рақамларга мурожаат қилади. Келинг, экспертнинг мақоласидаги диққатга сазовор ўринлар билан яқиндан танишайлик.

«Биз ўзгаришлар даврида яшамоқдамиз. Ислоҳотлар, жумладан, валюта бозорининг узоқ кутилган ислоҳоти ҳам бошланди. Бу эса иқтисодий ривожланиш моделининг алмашишига сабаб бўлади, албатта. Хўш, эскиси билан нима бўлади энди?» — деб бошлаган эксперт ўз мақоласини.

«Ўзбек модели»ми ёки меркантилизм?

1996 йили ёз-куз ойларида Ўзбекистонда валюта ресурсларини чеклаш ва уни асосан инвестицион лойиҳаларга йўналтириш механизми жорий этилганига ҳам 21 йил бўлибди. Бу иқтисодий ривожланишнинг «Ўзбек модели» шаклланишининг ибтидоси эди.

Бу моделнинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат эди:

1. Давлатнинг иқтисодий жараёнларга фаол аралашуви, жумладан, маъмурий усуллар — (кредит, хомашё, меҳнат) ресурсларни марказлашган ҳолда тақсимлаш, нархлар, фоиз ставкалар ва валюта курсини ўрнатиш воситасида, шунингдек, хусусий корхоналарнинг мулк ва маблағларини тақсимлаш, пул-кредит муносабатларида «маъмурий ресурслар»дан фаол фойдаланиш.

2. «Иқтисодиётнинг стратегик жабҳалари»га кенг миқёсли инвестициялар жалб қилишни назарда тутувчи гиперфаол инвестицион сиёсат, жумладан, қуйидагилар воситасида:

- валюта савдосини тартибга солиш (конвертацияни чеклаш, расмий курс бўйича валюта конвертациясида инвестицион лойиҳаларга имтиёз берилиши);

- кредит сиёсати (фоиз ставкаларини тушириш, имтиёзли кредитлар бериш, давлат тузилмаларининг топшириғига кўра қайтарилмас кредитлар ажратилиши);