Мамлакатимизда кечаётган беқиёс яшариш, буюк эврилиш ҳар бир соҳага ислоҳ киритмоқда. Масалага шу нуқтаи назардан қарасак, мафкуравий соҳа бирмунча оқсаб қолганини сезиш қийин эмас.

Тарихимиз оғир тарих. Қонли истилолар руҳимизда битмас-туганмас жароҳат қолдирган. Агар биз ўша босқинлар замирига назар ташласак, ўша истилолар арафасида халқ ўз ҳолига ташлаб қўйилганига, мислсиз хиёнатларга гувоҳ бўламиз.

Ўзбек халқи иймони бутун халқ. Биринчи Президентимиз ҳақ гапни айтган: ичимиздан сотқин чиқмаса, ҳеч ким бизни енга олмайди! 

Тарихнинг гувоҳлик беришича, ҳар бир истило халқ хотирасида ўнгланмас асорат қолдиради. Ҳозирги авлод буни оқпошшо истилоси, айниқса, шўро сиёсати, коммунистик мафкура зулми мисолида яққол кўриши мумкин. Албатта, ўтган тарихий силсилалар миллий ўзлигимизга етказган зиён ва тушунчалар ҳамон онг остида яшаб келаётир. Ҳалиям миллатнинг қони тоза, иймони саломат эканки, мудом аслини сақлаб келди. Ҳолбуки, тарихда қанчадан-қанча халқлар тилларини йўқотибгина қолмай, ўзи ҳам йўқ бўлиб кетган. Бунга бир мисол. Ҳазар денгизи бўйида қадимда Ҳазар салтанати бўлган. Ундан бугун урвоқ ҳам қолган эмас. Биласиз, лотин тили ўз замонида кўплаб тамаддунга бешик бўлган. Қани у, ҳозир? Уларни емирган бегона маданиятлар, ёт урф-одат, яъни экспанцион мафкуралар. Бугун тобора глобаллашиб бораётган, биздан фарзандларимизни тортиб олишга уринаётган “виртуал дунё”да биз бир миллат сифатида ўзлигимизни, ота-боболаримиз тутган тутимни сақлаб қолишга ҳам руҳан, ҳам маънавий тайёрмизми?! Етти ёт мафкуравий тазйиқларга қарши қандай чоралар қўлламоғимиз керак? 

Маълумки, миллий маслак ва бир бутунлик аввало, оммавий ахборот воситалари — газета-журнал, радио ва телевидение, шунингдек, адабиёт, театр ва  маориф, айниқса, кинематография таъсирида шаклланади. Албатта, мўътабар динимиз, мумтоз наволар, куй-қўшиқ, тасвирий санъат шу маслакни тараннум этмоғи лозим. Шундагина биз бир халқ, бир миллат бўлиб, Озодликни, Ватанни ардоқлаб, узоқларни кўзлаб ёниб-яратиб яшаймиз. Мақоламиз бир неча қисмдан иборат бўлиб, унда миллий ўзликни ифода этувчи ҳар бир йўналишга алоҳида тўхталамиз. Қуйидаги мухтасар қайдлардан кўзланган  мақсад шу тилак меваси.

 

Она тилимиз ҳукумат аралашувига муҳтож

Бугун давлат тили ҳукумат аралашувига муҳтож. Негаки, айнан давлат идораларида ҳали-ҳамон рус тилида иш юритилади. Табиийки, бу ҳол маънавий жиҳатдан тугал озод бўлолмаётганимизни кўрсатади. Зеро, тил миллий давлатчиликнинг асосий унсури бўлиб қолмай, халқнинг, миллатнинг ўзига бўлган ҳурмати миқдорини ҳам ифода этади. Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз Алихонтўра Соғунийнинг қуйидаги фикри эътиборга молик: “Арабча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашгина эмас, балки, бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўлади”. Бу ҳаётда ўз тасдиғини топган ҳақиқатдир. Шу боис миллий манфаатлари тўкис таъминланган деб айтилувчи АҚШда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, йирик сиёсатшунос Патрик Бюкенен Америка инқирози ҳақида гапириб, бир ўринда шундай дейди: “... Мамлакат мактабларида фақат инглиз тилида дарслар боришини талаб қилишимиз шарт. Чунки икки тиллилик, маълум маънода бир давлат ҳудудида икки маданият, ҳатто икки мамлакат борлигини англатади.... ”.