НКМК конида юк автомобили шинаси портлаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди. Фуқароларнинг тунги осойишталигини ҳимоя қилувчи қонун имзоланди. Олтита вилоятда чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарилади. Тошкентда жамоат транспорти нархи ошиши мумкин. Жиззахда йўловчи автобус юк машинаси билан тўқнашди. Куннинг муҳим хабарлари билан таништирамиз.

НКМК конида юк автомобили шинаси портлаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди

Навоий кон-металлургия комбинатида (НКМК) яна инсон ўлими билан боғлиқ нохуш ҳодиса содир бўлди. 10 сентябр куни «Қизилқум» кон бошқармаси таркибидаги «Пистали» конида қувур ташувчи транспорт шинаси портлаб кетган. Ҳодиса оқибатида икки ишчи ҳалок бўлган. Шунингдек, яна бир неча киши турли даражада тан жароҳати олган.

Бу комбинатда сўнгги 2 ойда инсонлар ўлими билан боғлиқ иккинчи ҳодиса: 21 июл куни Мурунтов конида автоағдаргич енгил автомобилни босиб, янчиб ўтган ва оқибатда 2 нафар ишчи ҳодиса жойида ҳалок бўлганди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Фуқароларнинг тунги осойишталиги ҳимоя қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябр куни «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонунга кўра, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган товушларга чеклов белгиланади. Бундай шовқинларга турар жойларда маиший фаолият, қурилиш майдонларидаги ишлар, қурилиш техникаси ва транспорт воситалари, шунингдек турли транспортларнинг ҳаракати натижасида юзага келадиган шовқинлар киради.

Белгиланган тартибга кўра, иш кунлари соат 23:00 дан 7:00 гача, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса 22:00 дан 9:00 гача шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ товуш чиқариб, фуқаролар осойишталигини бузишга йўл қўйилмайди.

Тунги шовқин тўғрисида 102 қисқа рақами орқали ИИБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиш ёки ҳудуддаги ИИБ профилактика инспекторига мурожаат қилиш мумкин.