Ўзим журналист эмасман, аммо журналистикага қизиқишим баланд. Журналист ака-укаларимиз, айниқса, футбол журналистларимиз ва шарҳловчиларимиз томонидан ёзилган мақолаларни доимо қизиқиш билан ўқиб бораман.

Ушбу чиқишимда футбол журналистикаси ҳақида эмас, айнан шарҳловчилар ҳақида ўз мулоҳазаларимни билдиришга жазм этдим.

Ҳар бир устознинг ўз муҳри бўлади. Шогирдларининг қайсидир ҳаракатлари устозини эслатиб юборади. Шундай шогирдларни «устоз кўрган шогирд», дейиш мумкин. Аммо менинг назаримда, «Спорт» телеканалида шарҳлаётган кўплаб футбол шарҳловчиларимизнинг устозлари йўқдек. Айнан мана шу ерда савия, устоз муҳри сезилиб қолади.

Экрандаги футбол темпига мос шарҳламай, пастлашиш, қизиқарли ўйинларни савиясиз шарҳлаш, ўйиндан четга чиқиш, кўп минглаб сонли мухлисларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли ҳам кўплаб юртдошларимиз Европа футболини Россия телеканаллари орқали кўришади. У ерда ҳарқалай анча қизиқроқ ва жўшқинроқ шарҳлашади.

Шу ўринда яна бир муаммони, футбол шарҳловчиларимиз томонидан ўз ишига юракдан ёндашилмаслиги сабабли кўпчилик эътибор бермаган қимор иллати, тўғрироғи, тотализатор юртимизга кириб келаётганини айтиб ўтмоқчиман.

«Бизга нима алоқаси бор?» деб ҳайрон бўлманг, ҳозир тушунтираман.

Аввалари эътибор бермасдим, аммо кўпчилик замонавий телефон ишлатадиган танишларим кўпдан бери ўша рус футбол каналлари томонидан реклама қилинадиган тотализатор компаниялари орқали замонавий қиморга аралашиб қолишган. Бунинг асосий сабабларидан бири — каналларимиз орқали футболнинг сифатсиз шарҳланишида, мухлисни ўз каналларимиз ушлаб қола олмаётганидадир.

Эътибор беряпсизми, ҳурматли шарҳловчилар? Сизларнинг ўз касбларингга масъулиятсиз ёндашишларинг сабабли миллатимизга нималар кириб келиши мумкин ва кириб келяпти?

Шу ўринда бир савол туғилади: мухлисларни ўз каналимизга қайтариш учун нима қилиш керак? Европа чемпионатлари трансляциясини сотиб олишда ҳамкорлик қилаётган ташкилотлар, энг аввало, ўз бизнеслари ўйлаб, қолаверса, халқимизнинг Европа футболи ҳавосидан баҳра олишлари учун қилаётган хизматлари, албатта, таҳсинга сазовор. Аммо деярли ҳамма рус телеканалларини кўраверса, ҳомий ўз маҳсулотини қайси канал орқали реклама қилсин?

Трансляция учун сарфлаган маблағи ўзини оқламаса, кейинги мавсумда яна ҳомийлик қилишидан нима наф? Мана сизга савол ичидаги савол: муаммонинг энг асосий сабаби, устоз кўрмаган шарҳловчиларимизнинг футболни шарҳлашларида, потенциал томошабинни экраннинг остига михлаб қўя олмаётганлигида, деб биламан.