Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ташкил этилганини биласиз. Президентимизнинг жорий йил 30 майдаги қарорига асосан, Бюро ходимлари хизмат кийими ва фарқловчи белгилари билан таъминланган. Бюро ва унинг ҳудудий тузилмалари юклатилган вазифаларни юқори ва профессионал даражада бажарилишини таъминлай оладиган малакали кадрлар билан тўлдирилган. Шунингдек, ҳар соҳада бўлганидек, МИБ ходимлари ҳам хизмат гувоҳномаларига эга бўлишлари керак.

Мазкур қарор бўйича МИБ ходимлари газ ва электр энергиясидан қарзи борларни назорат қилади. Ҳа, фақат қарздорларни. Қарзини тўлашга имкони йўқларнинг мол-мулки қарздорлик ҳисобидан мусодара этилади. Майли, ҳозир бу ҳақда гаплашмаймиз. Бугунги кун мавзуси МИБ ходимларининг қандай назорат олиб бораётгани хусусида.

Ўзимиз гувоҳ бўлган воқеани ёзамиз. Тошкент вилоятида жойлашган Тошкент денгизини кўпчилик билади. У ерни Президентимиз курорт масканга айлантиришни ҳам таклиф этган. Ана шу денгиз атрофидаги қишлоқда қизиқ бир воқеа содир бўлди.

Елкасига сумка илган, қўлига қанақадир папка ушлаган бир одам кўча бошидаги уй эшиги олдида тўхтаб, аввалига тақиллатди, кейин бақириб чақирди. Ичкаридан «ҳозир» деган овоз, кейин эса ўрта ёшлардаги эркак чиқиб келди. Меҳмон Мажбурий ижро бюроси ходими эканини, газ ва электр бўйича қарздорликни текшириб юрганини айтди. Мезбоннинг юзи тиришди.

– Кеча келган одам ким эди унда? – деди у норози қиёфада.

Тайинли жавоб олмагач, ходимдан ҳужжатини кўрсатишни сўради. Афсуски, меҳмон ишга янги келгани, ҳали гувоҳнома олмаганини важ қилди. Мезбон уйига кириб, бироздан сўнг қоғоз парчалари билан қайтиб чиқди. Квитанцияларни ходимга кўрсатиб, ҳеч нимадан қарзи йўқлигини таъкидлади. МИБ ходими эса уларни яхшилаб кўздан кечирди, папкасидан катта дафтарни олиб, унга бир нималарни ёзди.

– Бир маслаҳат берайми, ака, – деди мезбон дабдурустдан ходимнинг ёзув-чизувини кузатаркан. – Яхшиси, ҳужжат олиб юринг, формангиз ҳам йўқ экан. Агар бирор жиддийроқ одамга рўпара келсангиз, ўзингиз қийналиб қоласиз.

Ходим мийиғида кулиб, квитанцияларни эгасига қайтарди ва хайрлашди. Кейинги хонадон эшигини бориб тақиллатди. Бояги эркак билиб айтганмиди ёки йўқ, лекин бу уйнинг эгаси анча жиддий одам чиқди. Ёши олтмишдан ошган, сочига оқ оралаган бир чол эшик олдида турган МИБ ходимига узоқ тикилди, кейин «нима гапинг бор?» дегандек бошини қимирлатди.