Лотин алифбосидан кимлар қўрқади? Албатта, келажак авлодни эмас, ўзини ўйлайдиганлар, ўз умрини узун ўлчайдиганлар. Умри, қийинчиликсиз турмуши, осонроқ битадиган юмушлари олдида халқ келажагини азиз ҳисоб қилмайдиганлар.

Кимлар бугун шу ёзувда хат-саводи чиққан ва аввали 30 ёшга кирган, (эртага ё индинга бутун фан, илм оламини ҳали кирилл ёзувида ўз илмий ё бошқа асарларини эълон қила туриб, ярим дунёнинг амалдаги ёзуви учун ўн тўққизтагина белгисини билиб ололмай, ортга қайтамиз деб ҳайқириб ётган «кекса авлод»нинг ўрнини эгаллайдиган) ёш авлодни, унинг неча йиллик умри, билим-салоҳияти ва жаҳон сари шаҳдам боришдаги кунма-кун эришаётган мислсиз ютуқларини, бутун бир мамлакатнинг келажагини ўйламай, ўз-ўзига қулай бўлишини кўзлайди?

Яхшики, лотин ёзувидаги кўплаб белгилар аввалги биз ёзавериб, мослашиб кетган ёзув белгиларидан кескин фарқ қилмайди. 

Бугун таълимнинг турли бўғинларида билим олаётган ёш авлод лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси асосида саводи чиқиб, энди бунинг натижасида дунё минбаридан янграйдиган тиллардаги илмий ва бадиий адабиётлар мутолаасида 30–40 йил олдинги одамларимиздан кўра анча илгарилаб кетди. 

Ўқитувчилик соҳасидаги 25 йиллик фаолиятимда тенг нисбатда ҳар икки ёзувда кўп сонли ўқувчиларнинг ўқиши ва ёзишидаги қулайлик, ноқулайлик, бошқа тарафларини солиштириб кузатганман. 1996-2004 йилдаги ўқувчиларим орасида «ёнғоқ» сўзини «йонғоқ», «яхши» сўзини «йахши» ёзадиган ўқувчилар учрар эди. Ҳа, улар эшитган товушларини тўғри ёзадиган ўқувчилар эди, деб ҳисоблайман. Қолганлар графемаларни ёдлагани учун биз билгандек ёзишарди. Бироқ кирилл ёзувидаги икки товушни ифодалайдиган бу ҳарфлар «графемасевар»лар ўйлаганидек, қулай ва жуда тўғри эмасди. 

Масалан, «Е» графемаси «мен», «тенг» каби сўзларда, яъни бўғин ўртасида келса, битта «Э» товушини ифодалайди, «елка», «енгил» «поезд» каби сўзларда эса «ЙЭ» товушларини ифодалайди. Бугун лотин ёзувидаги ўзбек алифбосидан камчилик топадиганлар нега бу кабиларни кўрмайдилар, ҳайронмиз. Ҳа-да, ёшлигингда ўрганиб кетган қулай, яна ўрганишни талаб қилмайдиган, газета-журналлар чиқяптими, китоблар шу ёзувда нашр этиляптими, демак, бундан ўзгасини ҳеч ким тан олмайдигандек туюлаётган, худди ёзув шакли сақланиб қолса, ёмонми? Бундайлар тасаввурида 100 йиллик вақт, гўё бутун бир тарих. 

Кирилл ёзувини ёзишда тўхтамларнинг, яъни ҳарфларнинг турли ўринларидаги белгилари камлиги, балки айримлар учун маъқул туюлар. Лекин нима учун шундай шиддатли замонда биз худди уйқусираётган одамдек содда, осон томонга интиламиз? Нега бир оз меҳнат қилишдан, агар алифбо ёдлаш ва бу алифбода ўз сўзларингни ёзишни заҳмат деб бўлса, заҳмат чекишдан қўрқамиз?