Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ тили алифбосини лотин ёзувига босқичма-босқич ўтказиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

«Қозоғистон Республикаси ҳукуматига: қозоқ тилининг алифбосини лотин ёзувига ўтказиш бўйича миллий комиссия тузиш; қозоқ тили алифбосини 2025 йилгача лотин ёзувига босқичма-босқич ўтказишни таъминлаш», - дейилади фармон матнида.

Қозоқ тили алифбосини кириллчадан лотинчага ўтказишни таъминлаш учун президент лотин тилига асосланган қозоқ тили алифбосини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. У 32 та ҳарфдан иборатдир.

1920-йилларга қадар қозоқ тилида арабча ёзув ишлатилган, кейинчалик лотин ёзувига ўтилган. Ушбу алифбодан 1940 йилгача фойдаланилди, сўнг 42 ҳарфдан иборат бўлган қозоқ кирилл алифбоси қабул қилинди.