Жаҳон | 18:41 / 21.10.2017
4647
2 дақиқада ўқилади

Лотин имлосидаги қозоқ алифбосининг якуний варианти йил охиригача тақдим этилади

Фото: Getty Images

Қозоғистонлик олимлар қозоқ тилини лотин имлосига ўтказишнинг батафсил жиҳатларини муҳокама этишмоқда ва улар алифбонинг якуний вариантини шу йилнинг охиригача тақдим этишни режалаштиришмоқда, - деб хабар беради Kazakhtv телеканалига асосланиб Turan Today.

«Айни дамда қозоқ тилига хос ҳарфлар тутуқ белгиси билан ифодаланган вариант мақбулроқ саналмоқда. Қозоқ тилига илк бор қўлланилган бу универсал белгини тилчи олим Аҳмет Бойтурсунов ҳам ўз вақтида ишлатган», — дейилади сюжетда.

Мутахассисларнинг фикрича, олимлар томонидан илгарироқ таклиф этилган қўшҳарф — диаграфлардан фарқли ўлароқ, тутуқ белгили ҳарфлар турлича ўқилишларга сабаб бўлмайди ва стандарт клавиатурага жуда мос.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 2012 йилнинг охирида давлат тилини лотин имлосига қайтариш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Лотин имлосига асосланган қозоқча ягона стандартни Назарбоев 2017 йилнинг сўнгига қадар қабул қилишни буюрган.

Маълумот ўрнида: XX аср бошларида туркий халқларнинг аксарияти араб ёзувидан воз кечгач, айнан лотинча имлодан фойдалана бошлашган, жумладан, қозоқлар ҳам. Бироқ, бир пайтлар туркий халқларни бирлаштирган умумий лотинча имло ҳам тезда Москвани қониқтирмай қўйган ва СССР таркибида бўлган ҳар бир туркий халқ учун кириллча имло асосида, бир-биридан максимал фарқ қилувчи ўз алифбоси ясаб берилган.

СССР тарқаб кетгач, баъзи турк давлатлари ва халқлари (Ўзбекистон, Озарбойжон, Туркманистон, қримтатарлар ва гагаузлар) расман лотинча имлога қайтишди, қолганлар эса кириллчада қолишди. Масалан, суверенитетининг илк йилларида лотинча имлони татар тилининг расмий ёзуви қилишни эълон қилган Татаристон ҳам Москванинг босими билан кириллчадан воз кечмади.

Бугунги кунда мустақил туркий давлатлар ичра фақат Қозоғистон ва Қирғизистон, шунингдек, қисман Ўзбекистон кирилл ёзувидан фойдаланмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид