Ўзбекистонда янгидан, Ўзбекистон футбол федерациясидан бошқа, айтайлик, «Ўзбекистон миллий футбол федерацияси» тузиб, айнан шу янги ташкилотни юртимизда футболни ривожлантириш учун ФИФАга аъзо орган қилишга фурсат етиб келган, шекилли.
Бу қандай бедодлик бўлдики, ЎФФ ходимлари «футбол — мухлисларники» дея, муаммоларни ёзиб чиққан журналистларни одам ўрнида кўрмай, қўштирноқ ичига олиб ёзиб, эси паст, нодон деб ҳақорат қилса?!
Миллий терма жамоанинг бош мураббийи Халқаро пресс-клубда ўтган сессияни инкор этиб, журналистлар билан учрашувдан қочса?!
Раҳбарлар ҳақида-ку, энди умуман гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Журналистларни салкам халқ душманига чиқариб юборган эди. (Тўғри, кечирим сўралди ва биз бу кечиримни қабул қилганмиз).
Аммо айрим ходимларда муносабат ўзгаришсиз, шуниси бизни ташвишлантираяпти.
Ўзбекистон Футбол федерацияси халқаро бўлими ходими Шерзод Игамбердиев ўзининг «Фейсбук» ижтимоий тармоғида жойлаштирган постида ўзбек футбол журналистларини қишлоқи, ва эси паст, дея ҳақорат қилди:
«Қатарлик эси паст мураббийлар Туркманистонга қарши кечаги учрашувни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишга қарор қилишибди. Бизнинг маҳаллий қишлоқи «журналист»ларимиздан фарқли ўлароқ, улар футболда балони ҳам тушунмайди», — деб пост ёзган ЎФФ ходими.

Тўғри, у постида қатарлик мураббийларни эси паст, деб атамоқда. Лекин мантиқан фикр юритилса, Қатар-Туркманистон ўйинини ёпиқ эшиклар ортида ўтказган қатарлик мураббийлар, бинобарин Ўзбекистон-Қирғизистон ўйинини ҳам ёпиқ эшиклар ортида, мухлисларсиз ўтказаётган Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари штаби эси паст бўла олмайди, демак, эси паст деб қўштирноқ ичига олинган журналистларга нисбат берилмоқда.
Ш.Игамбердиев аввал ҳам юртимиздаги футбол журналистлари билан зиддиятга бориб қолган эди. Аввал терма жамоамиз ҳимоячиси Виталий Денисов ўз интервьюларидан бирида айрим журналистларни нопрофессионалликда айблаганида ва унга журналистлар эътироз билдирганида Денисовнинг ёнини олиб, журналистларга ташланган эди.
Кейинроқ журналистлар ФИФАнинг расмий сайтида чиққан маълумотга таяниб, Ўзбекистон МТЖ 6 июнь куни Таиландга қарши ўртоқлик ўйини ўтказилиши, Эрон билан учрашув олдидан нотўғри рақиб танлангани ҳақида мулоҳаза билдиришган эди.














