Жиддий ва кучли рақобат шароитида харидорларни ўзига жалб қилишни истаган сотувчилар кўпроқ тер тўкишига тўғри келади. Бизнинг даврга келиб, савдода юқори технологик ечимларни амалиётда қўллаш - сердаромад тадбиркорлик фаолиятининг бирламчи гарови бўлиб қолмоқда. Қуйида маркетологлар эътиборида бўлган ана шу туркумдаги ечимлар билан танишиб чиқиш мумкин.
Рақамли реклама
Google компанияси тақдим этган маълумотга кўра, ўзига яқин ҳудудда жойлашган савдо шохобчасини қидирганларнинг 76 фоизи шу манзилга 24 соат ичида ташриф буюради. Шунингдек, қидирувларнинг 28 фоизи харидни амалга ошириш билан якунланади. Шу боис, кўплаб тадбиркорлар ўз мижозларини интернет платформаларида, ижтимоий тармоқларда қидиради. Эътиборли жиҳати шундаки, истиқболли мижозларнинг 29 фоизи компания ёки шохобча сайтини мобил кўринишда жуда секин ишлагани ёки қидирув тизими яхши ривожланмагани учун тарк этади. Бу хабарни таҳлил қилиб чиққан, Walmart раҳбарияти хизмат кўрсатиш сайтининг мобил конверсиясини 2 фоизга такомиллаштиришга қарор қилди, натижада смартфон орқали ташриф буюрган мижоз сайтни очишда ортиқча тўрт сонияни йўқотмайди.
Маҳаллий маркетинг услуби
Рақамли технологиялар сотувчига атрофдаги ҳаракатларни электрон тартибда қайд қилиб бориш имкониятини тақдим этади. Геотрекинг (жойлашувни аниқлаш) функцияси орқали манзилни аниқ узатиш ва интернет тармоғида фаолиятингизни белгилаб ўтишингиз мумкин.

Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш майдонида пайдо бўлган истеъмолчиларга турли акция ва чегирмаларни таклиф қилиш, хабар йўллаш имконияти билан «қармоқ» ташлаш мумкин.
«Қайноқ» харита
Шохобчанинг қаерда очилиши бизнеснинг келгуси фаолиятига катта таъсир ўтказади, агар одам гавжум бўлмаган, аҳоли яшаш ҳудудидан узоқда жойлашган масканда савдо дўкони очилса, мантиқан унинг харидорлари кам бўлади. Мижозларни уяли телефони орқали уларнинг ҳаракат йўналиши аниқлаш мумкин. Аҳоли гавжум бўладиган жой, марказ «қайноқ» харита ва кундалик маршрутлар бўйича белгиланади. Бу барча тадбиркорларга қўл келиши мумкин.

Beacon ва Nearby технологияси
Дўконнинг доимий мижозларини мунтазам жалб қилиш мақсадида АҚШнинг бир неча йирик савдо шохобчалари Beacon дастуридан фойдаланади. Бунда дўконга яқин радиусга кирган мижознинг уяли телефонига қисқа муддатли акция, янги келтирилган товарлар ҳақида хабарнома келиб тушади. 2015 йилда АҚШнинг United Airlines авиакомпанияси Nearby дастури орқали ўз мижозларини парвозга қадар вақтини мароқли ўтказишга ёрдам берувчи лойиҳани ишга туширган. У ҳам айнан Beacon каби хабарнома юборади, керакли машғулотларни эслатиб туради.














