Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор туманига ташриф буюрди.
ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбари «Тошкесган» фермер хўжалигининг пахта даласини кўздан кечирди. Фермер ва деҳқонлар билан агротехник тадбирларни тўғри ва сифатли амалга ошириш, ҳосилни ўз вақтида йиғиб-териб олиш хусусида суҳбатлашди.
«Биз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамма нарсани биламиз, деб ўйлаймиз. Аслида биз билмаган нарсалар жуда кўп. Шундай экан, бу борада ўқиш, изланишдан тўхтамаслигимиз, фермерларнинг ўқишини ташкил этишимиз керак. Уларга етук мутахассислар дарс бериши зарур», деди давлат раҳбари.
Жиззах вилоятида пахта йиғим-теримига пухта тайёргарлик кўрилди. Вилоятда 481 минг гектар экин майдони бўлиб, унинг 261 минг гектари суғориладиган ерлардир. 12 мингдан ортиқ фермер хўжалигининг 3 минг 978тасида ғўза парваришламоқда.
Давлат раҳбарига «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан 2017 йилги пахта хомашёсини электрон тарози орқали «Е-тарози» дастурида қабул қилиш ва ушбу жараёнга «Фотофиксация» тизимини самарали жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
«Ўзпахтасаноат» тизимидаги 98та пахта тозалаш корхонасига қарашли барча пахта тайёрлов масканларида ўтган йили ўрнатилган электрон тарозилар ва кузатув камералари мавсумга шай қилиб қўйилган. 2017 йилги пахта ҳосилини қабул қилишда, шунингдек, пахта қабули кўрсаткичлари бўйича тайёрланадиган ҳисоботлар очиқлигини таъминлаш ҳамда ушбу жараёнда инсон омилини қисқартириш мақсадида замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилмоқда.
Бундай ахборот тизимида қабул қилинаётган пахта хомашёси электрон тарози орқали «Е-тарози» дастурида ўлчаниб, пахта ташиб келтирган транспорт воситаси кузатув камералари орқали синхрон тарзда тасвирга олинади, яъни фотофиксация қилинади. Тасвирда сана, транспорт воситасининг рақами, фермер хўжалигининг номи, топширилган хомашёнинг вазни акс эттирилади. Бу ҳосилни қабул қилиш жараёнида моддий жавобгар шахсларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Кунлик қабул қилинган пахта хомашёси тўғрисидаги маълумотлар марказий базага онлайн тарзда киритиб борилади. Бу, ўз навбатида, республика, вилоятлар, туманлар, секторлар (ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идоралари), фермер хўжаликлари кесимида қабул қилинган пахта хомашёсининг марказлашган ҳисоботи шаклланиши тезкорлигини, маълумотлар очиқлигини таъминлаб, терим отрядлари самарадорлигини ҳам таҳлил қилишга замин яратади.
Президент Жиззахда пахта мавсумига тайёргарликни кўздан кечириб, мутасаддиларга топшириқлар берди
03:30 / 03.09.201724 9485 мин














