AIBA шафелиги остида 1974 йилда Куба пойтахти Ҳавана шаҳрида илк бор ўтказилган жаҳон чемпионати, аввалига ҳар тўрт йилда — ёзги олимпиада ўйинларидан кейинги иккинчи йилда ташкиллаштирилган. АҚШнинг Рено шаҳрида 1986 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатидан кейин уч йил ўтиб, 1989 йилда Москвада ташкиллаштирилган ва ўшандан бери ҳар тоқ йилларда ўтказиб келинмоқда.

Жаҳон чемпионатларида кубалик боксчилар азалдан етакчилик қилиб келишини ҳаммамиз биламиз. Кейинги йилларда Ўзбекистон боксчилари ҳам жаҳон аро етакчилар сафида бораётгани кишини қувонтирмасдан қолмайди.
Жумладан Ҳамбургда ўтаётган жаҳон чемпионатида бирйўла тўрт боксчимиз финал йўлланмасини қўлга киритишди. Бунақаси ҳали тарихда бўлмаган. Агар тўртала боксчимиз ҳам ғалаба қозонадиган бўлса, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон биринчи ўринни қўлга киритиши аниқ. Чунки барча боксчиларимизнинг рақиблари Кубадан, бу мамлакатдан жами 7 нафар боксчи финалга чиқишган.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг вакилларимиз илк бор 1993 йилда Финляндиянинг Тампере шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан ўз иштирокларини бошлашган. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ҳикматулла Аҳмедов 51 кг.гача вазнда финалгача етиб бориб, кубалик Валдемар Фонтга бой берган. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 8-ўринни эгаллаган.
1995 йили Берлин (Германия) да ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари иккита бронза медални қўлга киритишган: 67 кг.гача вазнда Наримон Отаев, 75 кг.гача вазнда Дилшодбек Ёрбеков юртимизга медаль билан қайтишган. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 13-ўринни эгаллаган.
1997 йили Будапешт (Венгрия) да ташкиллаштирилган жаҳон чемпионатида вакилларимиз бирорта медални қўлга кирита олишмаган.
1999 йили АҚШнинг Ҳюстон шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юртимиз вакиллари учун энг сермаҳсули бўлиб турибди. 57 кг.гача вазн тоифасида Тўлқинбой Турғунов финалда мезбон Рикардо Хуарезга имкониятни бой бериб кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, 63,5 кг.гача вазн тоифасида Муҳаммадқодир Абдуллаев франциялик Вилли Блейн, 75 кг.гача бўлган Ўткирбек Ҳайдаров руминиялик Адриан Диакону устидан ғалаба қозониб, олтин медалларга сазовор бўлишган. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 4-ўриндан жой олган.
2001 йили Шимолий Ирландиянинг Белфаст шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида вакилларимиз битта олтин, битта кумуш ва битта бронза медал билан умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллашган. Финалда 91 кг.дан ортиқ вазнда Руслан Чагаев украиналик Алексей Масикин устидан ғалаба қозонган бўлса, 75 кг.гача вазн тоифасида Ўткирбек Ҳайдаров россиялик Андрей Гоглоевга имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлган эди. 67 кг.гача вазн тоифасида Шерзод Ҳусанов бронза медалини эгаллаган.





















