Бокс юрти Андижонга ташриф буюриб, Ўзбекистон фахри бўлган собиқ боксчилар Муҳаммадқодир Абдуллаев ва Ўткирбек Ҳайдаров билан суҳбат уюштирдик. Ўзбек боксининг афсоналари ҳозирги фаолиятлари, Андижон боксининг бугуни ва келажакдаги режалари билан ўртоқлашишди.

Ўткирбек Абдужалилович Ҳайдаров – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, «Ўзбекистон ифтихори», Ўзбекистон, Осиё, Осиё ўйинлари ва Афро-Осиё ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпионатининг олтин, кумуш ва бронза медали совриндори, Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳиби. «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

Муҳаммадқодир Маматқулович Абдуллаев – Олимпиада, жаҳон ва Ўзбекистон чемпиони, Халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиёнинг 2 карра чемпиони, Қирол кубоги ҳамда Жаҳон кубоги мусобақаларида энг яхши боксчи, «Шуҳрат» медали ва «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.

– Бокс Андижонда азалдан қадрланган. Кўплаб чемпионлар етишиб чиққан. Шу спорт турининг ичида юрган инсонлар сифатида Андижон боксининг бугуни ҳақида нима дея оласиз?

Ўткирбек Ҳайдаров: – Ҳозирги кунда андижонлик боксчилардан Ҳасанбой Дўстматов, Иқболжон Холдоров ва Жасурбек Латиповни алоҳида эътироф этиш ўринли. Улар Осиё чемпионатида ғолиб бўлишди. Жаҳон чепионатида кумуш медалга сазовор бўлишди.

Ҳозирги кунда сафимизга катта мураббий бўлиб устозимиз Марс Қўчқоров келди. Ҳозир яхши ўсмирларимиз бор. Яна шуни айтишимиз керакки, машғулот залларимиз кичкина. Лекин спорт билан шуғулланмоқчи бўлган ёшлар жуда кўп. Миллий Олимпия қўмитаси ва бокс федерацияси катта зал қурилишида ёрдам берамиз, дейишди. Муҳаммадқодирга Олтинкўлда зал очиб берилди. Булар ўз натижасини беради, деган умиддаман.

Ёшингиз улғайиб боргани сари шогирдларингизнинг натижасига эмас, тарбиясига эътибор бераркансиз. Ёшларга чет тили, тарих, компьютер, психологияни ўргатиб, уларнинг онгини ривожлантиришимиз керак. Боксчилар фаолиятини тугатганидан сўнг кўчада қолмаслигини мақсад қилганмиз.

Ота-оналардан шуни илтимос қилган бўлардимки, ёш болаларига смартфон телефонлар олиб беришмасин. Бу ҳам ёшларни чалғитяпти.