Ўзбекистон Корея яриморолидаги воқеалардан ташвишда
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореянинг ядровий синовларига муносабат билдирди.
«Ўзбекистонда КХДР 3 сентябрь куни навбатдаги ядро синовини ўтказиши ташвиш билан қабул қилинди. Бу синов БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясининг қўпол равишда бузилишидир», — дейилган баёнотда.
Ўзбекистон бу синовни Корея яриморолида тинчлик ва ўзаро ишонч муносабатларини ўрнатиш йўлидаги ҳаракатларига зид деб билади.
Ўзбекистон томони қатъий равишда расмий Пхеньянни дунёда ва минтақада тинчликка рахна солиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиш бўйича дунё ҳамжамиятининг фикрига қулоқ солишга чақирган.
«Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш ташаббускори сифатида Ўзбекистон Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги битим талабларига қатъий риоя этиш лозим, деб ҳисоблайди ҳамда эътиборни ядровий қуролни қўллаш хавфларни камайтириш масалаларига қаратади», — дейилган ТИВ баёнотида.
Ўзбекистон Корея яриморолида вазиятни тартибга солиш учун кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлашини билдириб, бунга фақатгина сиёсий-дипломатик йўл билан эришилишини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Кореянинг ҳисоб бўйича олтинчи ядро синови 3 сентябрь, якшанба куни ўтказилди. Жаҳон ҳамжамияти бир овоздан бу синовларни қоралаб чиқмоқда. Бу ядро синовидан кейин Хитой сейсмология маркази 3 сентябрь куни 6,3 ва 4,6 магнитудали икки зилзилани қайд этди.
Мавзуга оид
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
20:15 / 27.10.2024
Украинага қарши жангга ташланган КХДР аскарлари: экспертлар қандай фикрда?
15:07 / 25.10.2024
Ветнамдан Эронгача: Шимолий Корея қачон ва кимларга урушда ёрдам берган?
16:31 / 18.10.2024