Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги муқаддас Макка шаҳрига йўналтирилган, дрондан фойдаланилган ҳужумга уринишни қатъиян қоралаб, баёнот берди.
«Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан тўлиқ бирдамлигимизни билдирамиз ҳамда муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни номақбул деб ҳисоблаймиз.
Барча томонларни максимал даражада вазминлик намоён этишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирамиз», дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.
Шунингдек, вазирлик кескинликни камайтириш, можаронинг яна тарқалишининг олдини олиш ҳамда минтақада тинчлик, барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳаракатларни қўллашини билдирди.
Саудия бошчилигидаги коалицияси 15 сентябр куни кечки вақтда Макка ҳаво ҳудуди сари учиб келаётган ҳусийчиларнинг дрони тутиб қолингани ва йўқ қилинганини маълум қилганди. Коалиция «Ислом динининг энг муқаддас қадамжоларига мезбонлик қиладиган Макка ва унинг хавфсизлиги ʼқизил чизиқʼ» эканини таъкидлаган.
Хусийчилар эса уларга тегишли учувчисиз ҳаво аппарати Маккани нишонга олишга урингани ҳақидаги саудларнинг даъвосини инкор қилиб, буни «жирканч ёлғон» деб атаганди.

















