Шимолий Корея қуролли кучлари 12 сентябр куни артиллерия ва узоқ масофага учувчи ракеталар иштирокида «ялпи ўт очиш» машғулотларини ўтказди. Бу ҳақда 14 сентябр куни КХДР давлат ахборот агентлиги — KCNA хабар берди.

Расмий хабарга кўра, машғулотларда Шимолий Корея армиясининг турли бўлинмалари иштирок этган.

Машғулотлар давомида «янги жанговар тизимлар», жумладан, турли хил зарба берувчи учувчисиз учиш аппаратлари, тактик қанотли ракеталар, залп билан ўт очиш реактив тизимлари ва тактик баллистик ракеталардан фойдаланилган.

Шимолий Корея давлат ОАВ қуроллар «жамланган ўт очишнинг улкан вайронкор кучини» намойиш этгани ва белгиланган нишонларга «100 фоиз аниқликда» зарба берилганини иддао қилди. Машғулотлар қаерда ўтказилгани ҳақида маълумот берилмаган.

Жанубий Корея ҳарбийлари эса 12 сентябр куни Шимолий Кореянинг Вонсан шаҳри ҳудудидан Япон денгизи томон бир нечта баллистик ракета учирилганини маълум қилди.

Бу учиришлар АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ҳарбийлари Freedom Edge деб номланган беш кунлик қўшма машғулотларни якунлаганидан бир кун ўтиб амалга оширилди. Ушбу машғулотлар асосан Шимолий Корея томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган эҳтимолий таҳдидларга қарши ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган эди.

Шимолий Корея бундан аввал 20 август куни ҳам ҳарбий машғулот ўтказиб, Япон денгизи томон бир нечта ракета учирган эди. Ўша вақтда АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари ҳар йили ўтказиладиган Ulchi Freedom Shield қўшма машғулотларини олиб бораётганди.

Пхеняннинг навбатдаги ҳарбий фаоллиги АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолий Корея билан мулоқотни тиклашга уринаётган бир пайтга тўғри келди. Трамп 2026 йил охирига қадар Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан учрашиш нияти борлигини билдирган.

Шунингдек, Трамп Ulchi Freedom Shield машғулотлари кўламини қисқартириш бўйича кўрсатма берган. У бунга машғулотларнинг юқори харажатларини сабаб қилиб кўрсатган ва уларни Шимолий Кореяга нисбатан «душманона» деб баҳолаган.

Айни пайтда Жанубий Корея разведкаси Ким Чен Ин Россия билан ҳарбий ҳамкорликдан олинган маблағларни қурилиш ва қурол-яроғ соҳасидаги бир қатор лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтираётганини билдирган.